Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан 2020 йил 23 июлдан 9 октябргача 3 мингдан ортиқ дорихонада мониторинг кузатувлари ўтказилди. Бунинг натижасида дорихоналарда устамалар 20 фоиз ўрнига 93 фоизгача қўлланилгани аниқланган. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати раҳбари Моҳрухсор Тоғаева АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
«Агентлик томонидан республика бўйича вирусларга қарши, иммунитетни ошириш ва бошқа мақсадларга мўлжалланган дори воситалари нархининг ошиб кетишининг олдини олиш юзасидан мониторинг ўтказилди. Бунда аҳоли талаби юқори бўлган 91 та савдо номидаги дори воситаларини дорихоналарда мавжудлиги ва уларнинг чакана нархлари ўрганилди.
Ўрганиш натижасида 140 та дорихонадан 30 тасида белгиланган устамаларни 20 фоиз ўрнига 93 фоизгача қўлланилгани, 17 та ҳолатда яроқлилик муддати ўтганлиги аниқланган. Қолаверса, рўйхатдан ўтмаган ва кирим ҳужжати мавжуд бўлмаган дори воситаларини реализация қилиш, 18 та ҳолатда лицензиясиз фаолият ва бошқа камчиликлар маълум бўлган.
Қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган жами 28 та дорихонага иш қўзғатилиб, ортиқча олинган 2 миллион 800 минг сўм пул истеъмолчиларга қайтарилган. Шунингдек, лицензия шартларини қўпол равишда бузиш ҳолати бўйича ҳужжатлар мутасадди ташкилотларга юборилган», – деди Моҳрухсор Тоғаева.
Изоҳ (0)