Коронавирусга қарши курашда ўзбекистонлик шифокорларга кўмак бериш ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Германиянинг Роберт Кох институтининг 8 нафар мутахассисидан иборат тиббий гуруҳ 29 октябрь куни Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосарлари Улуғбек Собиров ва Абдулла Азизов 30 октябрь куни делегация аъзолари билан учрашди. Мулоқот давомида қатнашчилар ўз мамлакатларидаги пандемия шароити ҳамда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган зарур чора-тадбирлар ҳақида фикр алмашди.
Шунингдек, учрашувда COVID-19’ни жиловлаш борасида дунё тажрибасида қандай усул ва замонавий технологиялардан фойдаланилаётгани муҳокама қилиниб, ўзаро тажриба алмашилди.
Ташриф режасига кўра, германиялик шифокорлар Тошкент вилояти Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, шунингдек, вилоятлардаги ушбу соҳага ихтисослаштирилган шифохоналар, тиббий марказ ва лабораториялар фаолияти билан яқиндан танишиб, коронавирусни ташхислаш, назоратга олиш ва беморларни даволашда маҳаллий шифокорлар билан ҳамкорликда иш олиб боради.
Делегация таркибида Роберт Кох институтининг раҳбар кадрлари ҳамда эпидемиолог, анестезиолог-реаниматолог, инфекционист каби мутахассислар бор. Германиялик мутахассислар Ўзбекистонда 12 ноябрга қадар бўлиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, шу кунга қадар коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун Ўзбекистонга Хитой, Россия, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия ва Германиядан шифокорлар келган.
Изоҳ (0)