Беларусь Латвия, Литва, Украина ва Польша билан қуруқликдаги чегараларнинг мамлакатга кириш қисмини ёпди. Бу ҳақда «Onliner.by» хабар берган ва ушбу қарорнинг сабаблари ошкор қилинмаяпти.

Фото: «Onliner.by»

Беларусь ижтимоий тармоқларида мамлакат ҳудудига кириб бўлмаётгани юзасидан шикоятлар 29 октябрь, куннинг биринчи ярмида тарқала бошлаган. Европа иттифоқи ҳудудига кирувчи давлатлардан келган нафақат хорижликлар, балки беларуслар ҳам мамлакатга киритилмаяпти. Украина билан чегарада бир неча соат давом этган танаффусдан кейин одамларни мамлакат ҳудудига киритиш бошланган.

Фото: «Onliner.by»

Орадан бир неча соат ўтгач, Беларусь давлат чегара қўмитаси эпидемиологик вазият туфайли 4 мамлакат билан қуруқликдаги чегаралар одамларнинг ичкарига кириши учун расман ёпилганини эълон қилди. Баёнотда қайд этилишича, Минск аэропорти доимий равишда ишлаб турибди, Европадан Беларусга самолёт орқали келиш мумкин.

Шунингдек, Беларусдан бошқа давлатларга чиқиш чегараланмаган.

17 сентябрда Александр Лукашенко давлат чегараларининг ғарбий қисмини ёпишга мажбурлиги ҳақида гапирган ва бунга Польша ҳамда Литванинг дўстона бўлмаган муносабати сабабчи эканини билдирганди. Эртаси куни Беларусь давлат чегара қўмитаси ушбу мамлакатлар билан чегара ҳудудларида хавфсизлик талаблари кучайтирилишини маълум қилган.

Беларусь коронавирус пандемияси бошланганидан буён Европадаги бошқа давлатлардан фарқли равишда чегараларини ёпмай келаётган эди.

Аввалроқ Украинада фавқулодда ҳолат режими узайтирилгани, Польшада бир кун ичида коронавирус бўйича иккита антирекорд янгилангани, Чехияда комендантлик соати жорий этилиши ҳақида хабарлар берилган.