Англия ва Уэльсдан Fiat-Chrysler Automobiles (FCА) дизель двигателлари ўрнатилган 500 мингга яқин автомобиль чақириб олиниши мумкин. Бунга атроф-муҳитга чиқариладиган зарарли газлар кўрсаткичи манипуляция қилинган бўлиши эҳтимоллиги сабаб бўлмоқда, деб хабар беради «Korrespondent.net».

Фото: «Укравтопром»

Концерн Буюк Британия ва Европа Иттифоқидаги айрим дизель двигателига эга моделларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида махсус қурилмадан фойдалангани сабаб унга қарши 5 миллиард фунт (6,5 миллион доллар)лик коллектив даъво киритилган.

Fiat, Alfa Romeo, Jeep, Iveco ва Suzuki маркалари остида 2008 йилдан бошлаб ишлаб чиқарилган ва Англияда сотувга чиққан 500 мингга яқин автомобиль чақириб олиниши мумкин.

Бу каби маълумотлар «йирик корпорация томонидан ҳуқуқи бузилган жабрланувчилар»ни ҳимоя қилаётган Британия, Бразилия ва Америка ҳуқуқшуносларининг ҳамкорликдаги PGMBM компанияси томонидан тақдим этилган.

PGMBM томонидан FCА’га қарши киритилган даъво аризаси бўйича кўриб чиқилган суд жараёнлари давомида юқоридаги транспорт воситаларининг ҳар бир эгасига 10 минг фунтгача компенсация тўланиши мумкин. Ушбу брендларнинг бештадан тўрттаси FCА назорати остида. Suzuki концерн рўйхатида бўлмаса ҳам, унинг S-Cross, SX4 ва Vitara каби моделлари FCА томонидан яратилган дизель двигателлари билан жиҳозланган.

2019 йилда FCА АҚШ Адлия вазирлиги ва Калифорния штатининг дизель двигателларидан чиқадиган зарарли газларни камайтириб кўрсатувчи дастурий таъминотдан ноқонуний фойдалангани борасидаги эътирозидан сўнг 800 миллион доллар тўлашга рози бўлганди.

Аввалроқ Tesla Хитойдан 50 мингга яқин автомобилини чақириб олишга мажбур бўлаётгани тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Volkswagen компанияси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерал иттифоқи (VZBV) томонидан 260 минг харидорнинг эътирозлари инобатга олиниб киритилган коллектив даъво аризасини суд жараёнларига қадар ҳал этишга ва компенсация тўлашга рози бўлганди. Концерн 200 минг харидор билан келишишга муваффақ бўлган ва уларнинг фойдасига 620 миллион евро тўлайди. Даъво муаллифларининг таъкидлашича, Volkswagen раҳбариятининг бепарволиги сабаб дизель машиналаридан атроф-муҳитга чиқадиган зарарли моддалар қиймати пасайтириб кўрсатилган.