Президент Шавкат Мирзиёев 26 октябрь куни Нукус шаҳрининг марказий қисмида амалга ошириладиган қурилиш соҳасига оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
2 октябрь куни Қорақалпоғистонга сафар чоғида Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрини ободонлаштириш, аҳолининг дам олиши учун шароитларни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Нукуснинг марказини қайта қуриш лойиҳаси тақдимотини Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўтказган. Хусусан, шаҳар кўчаларини кенгайтириш ва кўкаламзорлаштириш, кўл ва боғлар бунёд этиш, савдо нуқталари ва йирик маркетлар, турар жой бинолари, ИТ-паркларни кўпайтириш режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 6 октябрь куни Жаҳонгир Ортиқхўжаев Қорақалпоғистонга амалга оширган ташрифи давомида Нукус ҳокимига «Истиқлол» боғини ободонлаштириш ва безаш лойиҳаси ҳамда кўлда мусиқали фонтан яратиш бўйича ўз фикрини билдириб, тажрибаси билан бўлишганди.
Изоҳ (0)