Эрон ҳукумати 26 октябрь куни Теҳрон ва мамлакатнинг барча ҳудудида коронавирус тарқалишининг олдини олиш билан боғлиқ чекловларни 20 ноябргача узайтирди. Мамлакат соғлиқни сақлаш органларининг маълум қилишича, ҳар тўрт дақиқада коронавирус оқибатида юзага келган ўлим ҳолати қайд этилмоқда. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: Reuters

«Бизнинг шифокорларимиз ва ҳамшираларимиз чарчади», — дея маълум қилган коронавирусга қарши кураш миллий комиссияси раҳбари Алиризо Золий. Унинг сўзларига кўра, Эрондаги касалхоналарда янги беморларни даволаш учун койка ўринлар қолмаган.

Расмийларнинг таъкидлашича, фуқаролар ижтимоий масофага амал қилмаяпти. Агар вазият шу тариқа давом этса, мамлакатда коронавирус оқибатида юзага келадиган ўлимлар сони кунига 600 тагача етиши мумкин.

Эроннинг 31 та провинциясидан 21 таси коронавирус билан касалланиш ҳолатлари сабабли «қизил» ҳудудга киритилган.