Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати 20 октябрь куни Зангиотадаги коронавирус беморлари даволанадиган касалхона чиқиндилари Чирчиқ дарёси атрофига ташланаётганини маълум қилган эди. «Gazeta.uz»нинг ёзишича, нашр муштарийлари Чирчиқ дарёсининг Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидан оқиб ўтган қисми қирғоқларига тиббиёт чиқиндилари ташлаб кетилгани акс этган суратларни 14 октябрь куни юборган; муштарий чиқиндилар Зангиотадаги юқумли касалликлар шифохонасидан чиққанини таъкидлаган.
«Gazeta.uz» 14 октябрнинг ўзидаёқ Давлат экология қўмитаси матбуот хизматига сўров юборган. Қўмита 17 октябрь куни муштарий маълум қилган фактни тасдиқлаб, ҳодиса жойида Тошкент вилояти экологик инспекцияси ва Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мутахассислари иш олиб бораётганини маълум қилган. «Gazeta.uz»нинг аниқлашича, ҳодиса Зангиотадаги иккита юқумли касалликлар шифохонасидан чиқаётган тиббиёт чиқиндиларини йўқ қилиш билан шуғулланувчи компания алмаштирилганидан сўнг юз берган.
27 мартдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги тиббиёт муассасаларидан, хусусан, «Ўртасарой» карантин маркази ва Зангиотадаги юқумли касалликлар шифохоналари ишга тушган вақтидан бошлаб ушбу муассасалардан ҳам чиққан тиббиёт чиқиндиларини йўқ қилиш билан Med Class Plus компанияси шуғулланган.
Корхона давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик доирасида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги (СЕОА) билан тўғридан-тўғри шартнома имзолаган. Бу Коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссиясининг бош вазир Абдулла Арипов томонидан имзоланган 11-сон баёнида кўрсатиб ўтилган.
СЕОА 28 март куни Med Class Plus билан коронавирусга чалинган ёки шундай ташхисга гумон қилинган беморлар даволанаётган тиббиёт муассасаларидан чиқиндиларни олиб чиқиш ва йўқ қилиш (утилизация қилиш) бўйича шартнома имзолаган. Шартнома қиймати — 300 минг кило чиқиндини йўқ қилиш учун 2,9 миллиард сўм (бир кило чиқинди учун 9659 сўм).
Шу каби шартномалар кейин ҳам имзоланган:- 12 июнда — 600 минг кило чиқиндини йўқ қилиш учун 6,4 миллиард сўм (ҳар килоси 10681 сўм);
- 7 июлда — 500 минг кило чиқиндини йўқ қилиш учун 5,3 миллиард сўм;
- 3 августда — 500 минг кило чиқиндини йўқ қилиш учун 5,3 миллиард сўм;
- 3 августда — 200 минг кило чиқиндини йўқ қилиш учун 2,1 миллиард сўм.
Бироқ Республика махсус комиссиясининг 23 сентябрдаги 48-баёни билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик доирасида «Покиза Тозалаш» компанияси билан буюмларни ювиш, чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиш ва йўқ қилиш бўйича тўғридан-тўғри шартнома имзолашга доир таклифи маъқулланган.
Давлат экология қўмитаси
Давлат экология қўмитаси матбуот котиби Бунёд Абдуллаев «Gazeta.uz»га берган интервьюсида Med Class Plus компанияси утилизация бўйича самарали фаолиятни йўлга қўйганини, бироқ бош вазир имзолаган баёнда кўрсатилган янги — «Покиза Тозалаш» компанияси танланганидан сўнг хизмат кўрсатишни тўхтатганини тан олди.«‘Покиза Тозалашънинг утилизация печи бўлмаган. Шу боис компания шифохонанинг ўликхонаси ёнида қўлбола печ ташкил қилган ва тиббиёт чиқиндиларини ҳам шу ерда ёққан. Иш ҳажми катта бўлгани боис компания чиқиндиларни ёқиб улгурмай қолган, оқибатда ҳайдовчи тунда чиқиндиларни дарё бўйига ташлаб келган. Айни вақтда компания биринчи фирманинг қопларидан фойдаланган», — деди Абдуллаев.
Унинг сўзларига кўра, тиббиёт чиқиндилари Қуйи Чирчиқ туманидан ташқари, Зангиота ва Янгийўл туманларидан ҳам топилган.
Бунёд Абдуллаевнинг қайд этишича, «Покиза Тозалаш» ўз фаолиятини бошлашдан (муфел печидан фойдаланган ҳолда чиқиндиларни йўқ қилиш) аввал экологик экспертизадан ўтмаган ва бу билан қонунчилик талабларини бузган.
«Қўмита ҳузурида Давлат экологик экспертиза маркази бор, компаниялар утилизация бўйича имкониятларини баҳолаш учун унда экологик экспертизадан ўтиши керак. Бироқ ‘Покиза Тозалаш’ бу талабни бажармаган. Биз бу иш бўйича ҳужжатларни прокуратурага беришни режалаштиряпмиз», — деб айтган Абдуллаев.
Давлат экология қўмитаси матбуот котибининг тахминича, тиббиёт чиқиндилари утилизацияси билан боғлиқ муаммо яқин вақт ичида ҳал бўлмайди, чунки бу иш билан «Покиза Тозалаш» шуғулланмоқда, унда эса етарли даражадаги қувват ва зарур ускуналар йўқ.
«Дарё бўйидаги чиқиндиларга келсак, биз СЕСга хат юбордик, ҳозир чиқинди ташланган жойлар тўлиқ текширилмоқда. Агар сув ҳақиқатан ҳам ифлосланган бўлса, ФВВга мурожаат юборилади, улар ҳудудни ўраб олиб, сувни зарарсизлантириш чораларини кўради. Чунки Зангиотадаги шифохоналарда коронавирусга чалинган беморлардан ташқари, силга ва бошқа юқумли касалликларга чалинганлар ҳам бор», — деди у.
Бунёд Абдуллаевнинг қўшимча қилишича, чиқиндилар утилизациясини кузатиб бориш учун корхона ва унинг атрофидаги ҳудудга иккита экология инспектори бириктирилган. Бундан ташқари, чиқиндиларни дарё бўйига ташлаб келган ҳайдовчи базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари (1,1 миллион сўм) миқдорида жаримага тортилган.
Med Class Plus
«Gazeta.uz» «Покиза Тозалаш»га қадар шифохона чиқиндиларини утилизация қилиш билан шуғулланиб келган Med Class Plus корхонаси раҳбари Шерзод Рамазонов билан ҳам боғланган.«Биз нормал ишлаб келаётгандик, бироқ буёқда Вазирлар Маҳкамасининг баёни чиқиб, 27 сентябрдан бошлаб Зангиота туманидаги шифохоналардан чиққан чиқиндилар утилизацияси ‘Покиза Тозалаш’ компаниясига берилди», — дея тасдиқлаган у.
Унинг тахминича, ушбу қарорни қабул қилишда маълум бир шахснинг манфаатлари ҳисобга олинган, чунки чиқиндилар ташланган жойни ўрганиш вақтида Вазирлар Маҳкамасидан ҳам бир ходим бўлган, у ўзини таништирмаган ва Med Class Plus вакиллари билан камераларсиз, якка гаплашиб олишни хоҳлаган.
Тадбиркорнинг маълум қилишича, чиқиндиларни утилизация қилиш бўйича шартномани ундан олиб қўйган рақобатчи компаниянинг қўлбола печи ишламай қолган. Шу боис 3 октябрь куни унга республика СЕСдан ёрдам сўраб мурожаат қилишган.
«Зангиотада чиқинди кўпайиб кетгани учун печларим борлигини ҳисобга олиб, мендан ёрдам беришни сўрашди. Ҳозир менда 16 та печ ишлаяпти. Бир тонналик яна учта печ буюртма қилганман, улар ҳам яқин вақт ичида ишга тушади. Мен СЕСга ёрдам беришга рози бўлдим, улар менга бошқа одамлар телефон қилишини айтишди. Менга чиққан одамлар умуман бошқа гапларни гапирди. Иккита печимни сотишни сўрашди. Ёрдамга тайёрлигимни, лекин ускуналарни сотмаслигимни айтдим. Оқибатда йиғилиб қолган маиший чиқиндилар 9 октябрь куни Чирчиқ дарёсига ва бошқа жойларга ташланган», — деди тадбиркор.
Унинг сўзларига кўра, Зангиотадаги шифохоналардан бир кунда 5 тоннагача тиббиёт чиқиндиси чиқади. Унинг тахминича, беш-олти кун ичида 25-30 тонна утилизация қилинмаган чиқинди тўпланиб қолган. «Gazeta.uz»нинг вазиятдан бохабар манбаси ҳам 30 тоннагача миқдорда чиқинди тўпланиб қолганини маълум қилган.
«Жамоатчилик бундан 15 октябрь куни хабар топди. Камига, улар тадбиркорлик этикасини ҳам бузишган. Маиший чиқиндилар менинг қопларимда ташланган, бу билан улар менинг компаниям обрўсига путур етказишди», — деди Med Class Plus асосчиси.
«Мен тиббиёт чиқиндиларини йўқ қилишга ихтисослашган ягона фирма эгаси эдим. Мен ягона хизмат кўрсатувчи эдим. Бу бизнес билан хоҳлаган одам шуғулланиши мумкин, лекин ҳамманинг ҳам журъати етмаган. Компаниям 2014 йилда рўйхатга олинган, олти йил ичида тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш бўйича самарали тизимни йўлга қўя қолдим... Ўзим ТошМИни реаниматолог-шифокор мутахассислиги бўйича тамомлаганман», — деди у.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, Med Class Plus Вазирлар Маҳкамасининг 27 мартдаги баёни билан чиқиндилар утилизацияси билан шуғулланувчи сифатида танланган. Унинг сўзларига кўра, ўша вақтда коронавирусни юқтириб олишдан хавотирланиб, кўпчилик бу соҳада ишлашдан қўрқаётганди.
«Биз чиқиндиларни йўқ қилиш учун етти нафар ишчимиз билан бирга икки ой заводда яшаб, ишладик... Кейинроқ ишчилар сони кўпайди, бизга Ўртасаройдаги объект (карантин зонаси)ни беришди. Ҳозир бизда 80 дан ортиқ одам ишлаяпти... 10 дона техникамиз бор», — деди Шерзод Рамазонов.
Med Class Plus раҳбарининг айтишича, унинг фаолиятини «оғзаки буйруқ» билан тўхтатишга уринишган (айнан ким бунга урингани маълум қилинмаган), бироқ у бунинг учун қонуний асослар сўраган. Якунда Вазирлар Маҳкамасининг баёнига «Покиза Тозалаш» киритилган ва 27 сентябрдан шу компания иш бошлаган.
Бошида Med Class Plus утилизация печларини Зангиота туманидаги шифохоналарнинг ёнига ўрнатмоқчи бўлган, бироқ унинг бундай қилишига рухсат берилмаган. Шу боис компания ходимлари маиший чиқиндиларни ёқиш учун Янгийўлдаги заводга ташиган. Айни вақтда «Покиза Тозалаш» ўз печларини шифохонанинг патологанатомия бўлими олдига ўрнатган, шу боис, тадбиркорнинг айтишича, яқин-атрофдаги айрим аҳолида шифохонада ўликларни ёқишаётгандек тасаввур уйғонган.«Покиза Тозалаш»
«Покиза Тозалаш»нинг иш юритувчиси Саидакбар Акбаров «Gazeta.uz» мухбири билан суҳбатда Давлат экология қўмитаси маълумотларини рад этиб, Чирчиқ дарёси бўйида топилган тиббиёт чиқиндилари Зангиотадаги шифохонага тегишли эмаслигини таъкидлаган.
«Биз 25 сентябрдан буён синов тартибида ишлаяпмиз. Ўтган вақт ичида биз ўз ҳисобимиздан чиқиндиларни ёқиб ва ишчиларни ишлатиб, мамлакат бюджети учун 1 миллиард сўмдан ортиқ пулни тежаб қолдик. Бизда чиқиндиларни у ерга олиб бориб ташлаш учун бирор бир сабаб йўқ. Пандемия шароитида, шифохонада нималар бўлаётганини ўз кўзимиз билан кўра туриб, биз бундай қилмасак керак», — деган у.
Унинг сўзларига кўра, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича бошқарма уларнинг айбдор эканини исботловчи далилларни тақдим эта олмаган.
«Чиқиндилар Зангиотадан чиққан, дейишяпти. Билмадим, балки шундоққина Зангиотанинг ёнида бўлгани учун шундай дейишгандир... Чиқиндилар бизники эмаслигини биз жойида айтдик. Жавобан бу жой Зангиотанинг ёнида эканини айтишди... Биз бу чиқиндиларни ўз печимизда утилизация қиламиз. Сабаби биз касалликнинг тарқалишини хоҳламагандик ва чиқиндиларни ёқиш учун олиб келганмиз. Шундан сўнг улар печимизни, йиғилиб қолган утилизация қилинадиган чиқиндиларни кўришди»,— деди иш юритувчи.
«Покиза Тозалаш» вакилининг таъкидлашича, синов муддати бир ой этиб белгиланган.
«Биз шартномасиз ишлаяпмиз. Шундай буйруқ келган. У ерда давлат томонидан муфел печи қурилган бўлган. Ўзимизнинг печимиз энди қуриляпти. Биздан давлат печидан фойдаланишни, уни текшириб беришни, давлатга ёрдам беришни сўрашди. Ўтган вақт ичида биз 1,7 миллиард сўм иқтисод қилдик. Биз ватанимиз учун жон куйдириб ишлашда давом этамиз», — деди у.
Саидакбар Акбаровнинг қайд этишича, бюджет маблағларини тежаб қолиш учун Зангиотадаги шифохона ҳудудида жойлашган муфел печидан фойдаланиш таклифи билан «Покиза Тозалаш»нинг ўзи чиққан.
«Синов муддати тугагач, Худо хоҳласа, шартномамиз бўлади. Эртага ўзимиз қурган 10 тонналик печимиз очиладиган. Эҳтиёт қисмларни бошқа мамлакатлардан олиб келиб, ўзимиз шу ерда йиғдик. Давлат печидан қаердан келганини мен билмайман», — деди у.
Зангиотадаги шифохоналарда 25-30 тонна тиббиёт чиқиндиси тўпланиб қолгани ҳақидаги гап-сўзларга муносабат билдираркан, «Покиза Тозалаш»нинг иш юритувчиси «бундай бўлиши мумкин эмас»лигини таъкидлаган.
Давлат харидлари сайти маълумотларига кўра, Зангиотадаги 2-сон шифохона октябрь ойида «Покиза Тозалаш» компанияси билан кийимлар, кўрпа-тўшак чойшабларини тозалаш, дезинфекция қилиш ва дазмоллаш бўйича тўғридан-тўғри шартнома тузган. Шартномаларнинг (1, 2) умумий қиймати 1,6 миллиард сўмга тенг.
Изоҳ (0)