Коронавирус пандемиясидан жиддий зарар кўрган глобал савдо шу йилнинг учинчи чорагидан «оёққа тура бошлади». Унинг ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 фоизгагина қисқарган. Бу ҳақда БМТнинг Савдо ва ривожланиш бўйича конференциясига (ЮНКТАД) таяниб, БМТ янгилик хизмати хабар берди.

Фото: Sputnik

Экспертларнинг таъкидлашича, вазият яхшиланганига қарамай, савдо соҳасидаги истиқболлар ҳамон мавҳумлигича қолмоқда.

«Пандемиянинг ноаниқ йўналиши яқин ойлар ичида олдингидек савдо истиқболларига салбий таъсир кўрсатишни давом этади. Айрим ‘яшил ўсишъларга қарамай, баъзи минтақаларда ишлаб чиқариш жараёни секинлашгани ёки кутилмаганда қаттиқ карантин чоралари жорий этилиши эътибордан четда қолдира олмаймиз», — дейди ЮНКТАД раҳбари Мукиса Китуйи.

Экспертларнинг прогнозига кўра, тўртинчи чоракда жаҳон савдоси 3 фоизга қисқаради, йиллик савдолар ҳажмининг қулаш кўрсаткичи эса 7-9 фоизни ташкил этади.

ЮНКТАДнинг таъкидлашича, айниқса, автомобилсозлик ва энергетика соҳаларга кўпроқ зарар кўрган. Шу билан бирга, уй учун мўлжалланган офис жиҳозлари ва коммуникация қурилмалари — смартфонлар, компьютерлар, ноутбуклар, модем ва роутерлар савдосида ўсиш кузатилган.

Пандемияга қарши курашда керак бўладиган тиббиёт воситалари — ниқоблар, респираторлар, дезинфекция воситалари, касалхоналар учун қурилмалар савдоси ҳажми ҳам сезиларли даражада ошган. Хитой, АҚШ ва Европа мамлакатларидан амалга оширилган шу турдаги товарлар экспорти январдаги 25 миллиард доллардан май ойида 45 миллион долларга қадар ўсган.

Бутун дунёда савдо ҳажмида қисқариш кузатилаётган бир вақтда, Хитойда аксинча — ўсиш қайд этилмоқда. Пандемиядан кейинги дастлабки ойларда Хитой экспорти иккинчи чоракда барқарорлашган, учинчи чоракда эса 10 фоизга ўсган.

«Умумий ҳисобда Хитой экспорти 2020 йилнинг дастлабки 9 ойида 2019 йилнинг мос давридаги кўрсаткичларга эришган», — дейилади ҳисоботда.

Шунингдек, сентябрь ойида Жанубий Корея (8 фоиз) ва Ҳиндистонда (4 фоиз) ҳам экспорт ҳажми ошган.

Эслатиб ўтамиз, январь—сентябрь ойлари якунига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 27,49 миллиард долларни ташкил этди. Бу 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 12 фоизга кам демак.