Қашқадарёнинг Ғузор туманида Uzbekistan GTL заводи қурилишидаги ишчилар 21 октябрь куни норозилик намойиши уюштирган, воқеа акс этган видеоёзувлар ижтимоий тармоқларда тарқалганди.
Ижтимоий тармоқларда норозилик объектда иш ҳақини тўлаш билан боғлиқ муаммолар туфайли юзага келгани айтилган. Энергетика вазирлиги матбуот хизмати эса тартибсизлик ҳаракатлари ишчилар учун мўлжалланган ошхонадаги моноблок тизимида (электрон кириш тизими) техник носозлик юз бериб, улар кундалик овқатланишга кира олмагани сабабли содир бўлганини билдирган.
Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, айни пайтда қурилиш майдонидаги вазият тўлиқ барқарорлашган бўлиб, барча масалалар ижобий ҳал этилди.
Қурилиш майдонига Қашқадарё вилояти ҳокими, вилоят прокурори, миллий гвардия ва бошқа сектор раҳбарлари, Enter Engineering компанияси раҳбари, Энергетика вазирлиги ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ вакиллари етиб борган.
Норозилик билдирган ишчилар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, ишчи-ходимлар томонидан кўтарилган барча муаммо ва масалалар жойида ҳал этилган ва тегишлилиги бўйича қарорлар қабул қилинган.
«Айни вақтда вазият тўлиқ барқарорлашган бўлиб, барча масалалар ижобий ҳал этилди ва ишчи-ходимлар тез орада ўз иш жойларига қайтмоқдалар», — дейилади Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Изоҳ (0)