Таҳлилчилар энг яхши ва ёмон пенсия тизимига эга мамлакатлар рейтингини тузди, деб хабар бермоқда Forbes. Рейтинг Mercer ва CFA Institute консалтинг компанияси томонидан тузилган бўлиб, унда дунёнинг 39 та давлати ўрин олган. Рейтинг мезони ва натижалари Bloomberg томонидан тақдим этилган.

Фото: «Дарё»

Рейтингнинг дастлабки икки поғонасини бир неча йилдан буён етакчилик мавқейини сақлаб келаётган Голландия ва Дания эгаллади. Таҳлилчилар ушбу икки мамлакат ҳукуматларини инқироз пайтида аҳолиси пенсия жамғармасидан фойдаланишига йўл қўймаганини мақтовга лойиқ деб топган. Чунки бу пенсияга чиққанидан кейин уларнинг аҳволини ёмонлаштириши мумкин эди.

Ўз навбатида, Австралия ва Чили аҳолисига ўзларининг жамғармаларидан муддатидан олдин фойдаланишга рухсат берилган. Mercer ва CFA Institute экспертларининг фикрича, «бу қисқа муддатда фуқароларнинг молиявий аҳволини яхшилаши мумкин, аммо келажакда уларнинг жамғармасини хавф остига қўяди» ва «ижтимоий ва иқтисодий соҳаларга таъсир кўрсатадиган салбий оқибатларга олиб келади».

АҚШ пенсия тизими рейтингнинг 12-поғонасидан ўрин олган. Муаллифларнинг қайд этишича, АҚШ пенсия тизими ижобий жиҳатлар билан бирга бартараф этилиши лозим бўлган жиддий хавф ва камчиликларга ҳам эга. Тадқиқотчилар мамлакат расмийларига кам таъминланган нафақахўрларга пенсия миқдорини оширишни ва ижтимоий таъминот учун маблағларни кўпайтиришни тавсия қилган.

Япония пенсия тизими «бартараф этилиши керак бўлган жиддий камчиликлар борлиги туфайли 32-поғонадан ўрин олган. Таҳлилчилар Япония ҳукуматига пенсия ёшини оширишни маслаҳат берган, чунки мамлакатда умр кўриш давомийлиги ошиб бормоқда.

Рейтингнинг охирги ўринларидан жой олган Таиланд ва Аргентинага эса мутахассислар аҳолининг камбағал қатламини қўллаб-қувватлашни кучайтиришни ва хусусий пенсия жамғармаларини бошқаришни такомиллаштиришни тавсия этган.

Таҳлилчиларнинг қайд этишича, коронавирус пандемияси шароитида мамлакатларнинг ярмидан кўпи ўтган йилга қараганда салбий натижа қайд этган. Жаҳон таназзули аксарият давлатларда пенсия тўловлари ва инвестициялардан тушадиган фойданинг камайиши ҳамда давлат қарзларининг кўпайишига олиб келди.

«Бу пенсиялар келажагига таъсир кўрсатади. Бу эса айрим кишиларнинг яна бир неча йил узоқроқ ишлашига тўғри келишини, бошқаларга эса пенсияга чиққанидан сўнг пастроқ даражадаги ҳаёт тарзига кўникиб яшашга тўғри келишини англатади», — деган рейтинг муаллифидан бири бўлган Дэвид Нокс. «Биз ҳақиқатдан ҳам борган сари фақат ўзимизга таянишимиз керак бўлади», — деб қўшимча қилган у.

Ушбу рейтингда Ўзбекистон, умуман олганда, Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидаги пенсия тизими кўриб чиқилмаган.