«Дарё» сайтида  ҳафтанинг энг муҳим ва муҳокамали хабарлари шарҳини бошлаймиз.

Алишер Усмонов ўзбекистонликлар рус тилини яхшироқ эгаллашига кўмаклашмоқчи. Асли ўзбекистонлик миллиардер ЎзХТВ ва Россия маориф вазирлиги ҳамкорлигида рус тили ва умумий фанларини рус тилида ўқитиш сифатини оширишга қаратилган «Зўр!» («Класс») лойиҳасини бошламоқда. Россиялик мутахассислар ўзбек мактабларида рус тили ўқитилишини такомиллаштиришга ёрдамлашади.

«Зўр!» лойиҳасининг илк босқичида 32 нафар рус услубчиси маҳаллий мактабларда рус тилини билишни назорат қилиш учун Ўзбекистонга етиб келди. 2021 йилда 100 нафар россиялик мутахассис келади. Ўзбекистонга йўналтирилган мутахассислар сони ҳар йили 100 нафарга кўпаяди.

Алишер Усмонов бу лойиҳага 5 миллион доллар ажратди. Лойиҳа доирасида 2030 йилгача 30 мингга яқин ўзбекистонлик ўқитувчи малакаси оширилади.

* * *

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва UzAuto Motors ўртасидаги тортишув бу ҳафта ҳам давом этди. Ҳафта бошида UzAuto Motors Монополияга қарши курашиш қўмитасининг тавсияларини «банкротликка олиб келувчи» деб атаб, антимонополчиларни нопрофессионалликда айблади. Можарога бош вазир Абдулла Арипов аралашди. У 12 октябрь куни ўтказган йиғилишида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нажмиддинхўжа Шариповни танқид қилди ва қўмитанинг UzAuto Motors компаниясига қарши ҳаракатларини популистик деб атади. Аммо бу муносабат блогерлар орасида тескари натижа берди: уларнинг бари ўзини популист деб номлаб олди.

Фото: Президент матбуот хизмати

МҚКҚ ва UzAuto Motors ўртасидаги суд аччиқ ичакдек чўзилишда давом этмоқда. 16 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий судида UzAuto Motors АЖнинг Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 21/31-сонли ишига оид 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича ўтказилаётган суд жараёни давом эттирилди.

* * *

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясида Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига кўпчилик овоз билан тарихда биринчи марта уч йиллик муддатга сайланди. Ушбу кенгашнинг бошқа аъзолари Боливия, Хитой, Кот-д’Ивуар, Габон, Куба, Франция, Малави, Мексика, Непал, Покистон, Россия, Сенегал, Украина ва Буюк Британиядир. БМТ Бош ассамблеяси органи ҳисобланган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга 47 та давлат аъзодир. Кенгаш аъзолари уч йиллик муддатга яширин овоз бериш йўли билан сайланади.

Аммо АҚШ, асосан, инсон ҳуқуқлари борасида оқсайдиган давлатлар кенгашга сайланганини танқид қилди. Дональд Трамп АҚШ бу тузилмадан чиқиб кетишини айтди.

* * *

Қуръони Карим маъноларининг ўзбекча изоҳли таржимасини тайёрлаган уламойи киром Шайх Алоуддин Мансур 13 октябрь куни вафот этди. Асли ўшлик бўлган олим 68 ёшда эди. Мустақиллик арафаларида унинг таржимаси Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари бошқармаси ўтказган танловда энг яхши деб топилган. Китоб 1991—1993 йилларда аввал «Шарқ юлдузи» журналида, кейин «Ғафур Ғулом» ва «Чўлпон» нашриётларида миллион нусхада босилган.

Алоуддин Мансур.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Бу ҳафта, шунингдек, таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудов ҳам дунёдан ўтди. Эврил Турон тахаллуси билан ёзган адиб 79 ёшда эди. У собиқ СССР давриданоқ Ўзбекистон мустақиллигини олдинга сургани учун таъқибга олинган зиёлилардан саналади. Мустақиллик даврида эса турли айблар билан 17 йиллик ҳибсни бошидан кечирган. Мамадали Маҳмудовнинг «Боғдон қашқири», «Туманли кунлар», «Ўлмас қоялар», «Қора дўлана» каби китоблари нашр қилинган. Хорижда «Бўз бўри», «Оқ гул» ва «Ой нури» романлари чоп этилган.

* * *

Транспорт вазирлиги йўловчилар учун парадоксал янгилик жорий қилди. Энди Тошкентдаги жамоат транспортида юрувчилар ниқобдан ташқари қўлқоп ҳам тақиши мажбурий бўлди. Бу «инфекция тарқалишининг олдини олиш чораси» деб аталмоқда. Қўлқоп вирусдан ҳимоялаши ҳақида тадқиқот хулосалари келтирилмаган. Жамоат транспортида қўлқоп тақиб вирусдан ҳимояланиш ҳақида дунё тажрибаси индагани йўқ.

Фото: «Новости Узбекистана»

«Транспорт вазирлигининг бунақа қарор қабул қилишга ваколати борми ўзи? Фуқароларга яна қўшимча харажат қилдирадиган мажбурий талабни қўйишга ким уларга ҳуқуқ берди? Ёки текин қўлқоп тарқатишадими ҳамма йўловчиларга?» – деб ёзмоқда Хушнудбек Худойбердиев.

Йўловчиларнинг қўлқоп таққан-тақмаганини махсус ишчи гуруҳ назорат қилиб боради.

* * *

Ҳокимликлар ва вазирликлар сотиб олаётган қимматбаҳо автомобиллар мавзусини ҳам дайжестимизга қўшдик. Яқиндагина Паркент ҳокими ўзининг яқинига қарашли фирмадан Captiva харид қилгани шов-шув бўлгач, бу мавзуга диққат қаратувчилар кўпайиб кетди. Зотан, давлат ташкилотларининг ҳар бир харидини жамоатчилик кузатиб бориши яхши одатдир.

Наманган вилояти ҳокимлиги бюджет маблағлари ҳисобидан шу йилнинг июль ойида 1 миллиард 579 миллион сўмга Тоуота LS200 автомобилини ҳамда сентябрь ойида қарийб 400 миллион сўмга Trailblazer LTZ АТ русумли автомобиль харид қилган. Яқиндагина коронавирус пандемияси даврида юзага келган инқироз туфайли бюджет харажатлари қарийб 2 триллион сўмга қисқартирилган эди, барча бўғиндаги давлат идораларига харажатларни қисқартириш топшириғи берилган эди, деб ёзмоқда @davletovuz Telegram-канали.

Милиция ҳам қимматбаҳо машиналар харид қилишда илғор. Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси 2020 йилнинг август — октябрь ойларида 28,3 миллиард сўмлик транспорт воситалари харид қилган:

  1. Malibu-2 МАLBDB2ТL (LTZ) — 3 та (123);
  2. Malibu-2 МАLBDB2ТL (2 позиция, турбо) — 14 та (12);
  3. Equinox-АТ — 30 та (12);
  4.  Cobalt GS/16МТB — 40 та (12);
  5.  Lacetti L-Comfort Plus — 26 та (12);
  6. Lacetti L-Elegant/АТ Plus — иккита (12);
  7. JАC пикапи — иккита (1);
  8. Автобус SAZ HC— 14 та (1);
  9. Volkswagen Caddy (Trendline) — иккита (1).

Давлат ташкилотларининг харидларини ўзингиз ҳам назорат қилишингиз мумкин. Бунинг учун «Dxarid.uzex.uz» сайтига киринг.

* * *

Анчадан бери бақир-чақирли аудиолар чиқармаётган раҳбарларимиз бу ҳафта жонланди. Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев қўл остидаги ходимларни ҳақоратли сўзлар билан танбеҳ бераётганлиги аудиоси тарқалди. Бунга Шерзод Кудбиев изоҳ берар экан, «аудиоёзувдаги кескин фикрлар ва AlterEgo лойиҳасига берилган интервью борасида: мен раҳбар шахс оғир вазиятларда ҳам вазминлик билан ҳаракат қилиши лозимлиги тўғрисидаги фикримда қатъий тураман ва юқоридаги ҳолатда ўзим шу фикрга қарши ҳаракат қилганимни тан оламан. Юзага келган вазиятда масъулиятни ҳис қилган ҳолда мен юқоридаги ходим билан алоҳида суҳбатлашдим ва биз биргаликда ёқимсиз ҳодисага тўлиқ барҳам бердик. Лекин бу мени масъулиятдан фориғ қилмайди», деб айтди.

Кеча бўлса, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Абдуҳаким Хаджибаев Зангиотадаги махсус шифохона ходимларини койиган 50 дақиқали аудиоёзув тарқалди. Хаджибаев беморларга ғамхўрлик қилишга тиббиётчилардан талаб қилар экан, қаттиқ иборалар ишлатади, жумладан, «Ишлатмасдан туриб ўғирлайди... Ҳаммаси ўғри буларнинг. Афсуски, бу факт», «Санитаркасиям ишламаяпти, чунки бошидан сасиган булар», «Айнан сенинг июндан бери олган пулингни қайтартираман, сени прокурорга бераман, ёзгани учун, ўзида айб сезмагани учун...» дейди.

ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев ҳолатни изоҳлаб, «Коронавирус пандемиясига қарши кураш ниҳоятда жиддий масала ва бу борада қаттиққўллик муҳим рол ўйнайди. Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Абдуҳаким Мўминовичнинг сўзлари бироз асабий ва жаҳл аралашган туюлиши мумкин, лекин барчаси асосли эътирозлар ва тўғри талаблар. Ҳар бири беморлар тезроқ соғайиши ва халқимиз манфаати учун айтилган. Албатта, йиғилишда таъсирчанликни ошириш учун бироз муболаға ёки пўписа қилинган бўлиши мумкин, лекин бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор...», деди.

Дарвоқе, коронавирус мавзусини эътибордан четда қолдирибмиз. Чунки ярим йил олдин ҳаммамизни қўрқувга солган коронавируснинг ўзини баъзида унутиб қўйяпмиз. Нима бўлганда ҳам гигиена талабларига риоя қилсангиз кам бўлмайсиз. «Дарё»да қолинг.