Қирғизистон президенти Сўронбай Жээнбеков мамлакатнинг янги бош вазири Садир Жапаров билан учрашувда ҳозирги пайтда истеъфога чиқишга ҳаққи йўқлигини маълум қилди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизматига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Фото: EPA

«Бугун президент Сўронбай Жээнбеков ва бош вазир Садир Жапаров ўртасида парламент унинг номзодини тасдиқлагач, учрашув бўлиб ўтди. Сўронбай Жээнбеков айни вақтда президентлик лавозимини тарк этишга ҳаққи йўқлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди, чунки бу давлатга зарар келтирадиган воқеалар ривожига олиб келиши мумкин», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Ўз навбатида Садир Жапаров асосий талабини маълум қилган — давлат раҳбарининг 14 октябрь куни кечқурун истеъфога чиқиши.

«Сўронбай Жээнбеков 9 октябрь куни баён қилинган позициясида қатъий турибди: у мамлакатни ҳуқуқий йўлга қайтаргач — парламент сайлови ўтказилганидан ва президентлик сайлови эълон қилинганидан кейин истеъфога чиқади», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, Бишкекдаги ҳукумат биноси олдида тўпланган Жапаровнинг тарафдорлари Жээнбеков истеъфога чиқмагунча норозилик намойишини тўхтатмоқчи эмас. Комендантлик соати яқинлашганига қарамасдан, намойишчилар 14 октябрь куни кечқурун ҳукумат биноси олдида Жээнбековнинг кетишини талаб қилишда давом этди.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон президенти Сўронбай Жээнбеков 9 октябрь куни мамлакатдаги вазиятни ҳуқуқий майдонга қайтаришни исташини ва бунинг учун барча «зарур қарорларни» имзолашга тайёр эканлигини айтганди. «Жорий вазият яна қонуний ўзанига қайтиши, барча давлат тузилмалари ва ҳукумат қонуний мақомга эга бўлиши ва мамлакат тўғри йўлга тушиб олиши билан президент лавозимидан кетишга тайёрман», — деганди Жээнбеков.

Шунингдек, Сўронбай Жээнбеков 9 октябрь куни мамлакат бош вазири ва ҳукуматни истеъфога чиқариш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Қирғизистон президенти 13 октябрь куни парламентнинг бош вазир лавозимига Садир Жапаровни тайинлаш ҳақидаги қарорини ноқонуний деб топди ва уни мамлакат парламентига қайтариб юборди. Бунга бош вазирни тайинлаш бўйича мажлисда депутатларнинг етарлича сони иштирок этмагани сабаб сифатида кўрсатилди.

Сўронбай Жээнбеков 14 октябрь куни республика парламентининг янги спикери Канат Исаевга мурожаат қилиб, Садир Жапаров раҳбарлигидаги ҳукумат таркибини яна тасдиқлашни таклиф қилди, Шундан кейин Қирғизистон парламенти яна бир бор Садир Жапаровни бош вазирликка тасдиқлади.