Тоғли Қорабоғда сентябрь ойининг охирида бошланиб кетган уруш ҳаракатлари Москванинг уринишлари билан тўхтатилди. Аммо ихтилоф битгани йўқ, ва экспертлар томонлар яна уруш бошлашини башорат қилмоқда.

Тоғли Қорабоғ Туркия ва Россия манфаатлари тўқнашган навбатдаги геосиёсий нуқта бўлди. Охирги йилларда агрессив ташқи сиёсат юритаётган бу икки давлат тўқнашуви эҳтимоли қанақа? Бу бошқа давлатларга қандай таъсир кўрсатади?

Бу ҳақда «Дарё» колумнисти, россиялик сиёсатшунос Михаил Магид фикр юритади.

Икки йирик давлат бир вақтда «оёққа туриб», ўзининг халқаро майдондаги таъсирини оширишга ҳаракат қилмоқда. Бу хавфли бўлиши мумкин.

Охирги бир неча йилда Туркия дунё медиаси янгиликларининг асосий қисмига айланиб қолди. Бутун дунё эътибори унинг Ливия, Сурия, Шимолий Ироқ, Шарқий Ўрта Ер денгизи ва мана энди Жанубий Кавказдаги ҳарбий операциялари ҳамда сиёсий ва иқтисодий таъсирига қаратилди.

Фото: Google Photos

Ливияда Туркия Триполидаги шарқий лашкарбоши Халифа Ҳафтар (у Россия, Миср ва Бирлашган Араб Амирликлари каби йирик давлатлар коалицияси томонидан қўллаб-қувватланмоқда) кучларига қарши жаҳон ҳамжамияти тан олинган Миллий келишув ҳукуматини (МКҲ) қўллаб-қувватламоқда ва Ливиядаги нефть конларини МКҲга ўтказилишини талаб қилмоқда. Турк ҳарбийлари Ливияга ўз қўшинлари ва суриялик ёлланма аскарларини жойлаштирди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга фақатгина Ливия нефти муҳим эмас: МКҲ билан келишув асосида Туркия Шарқий Ўрта Ер денгизида газ конлари жойлашган катта вилоятларни ўз бошқаруви остига олмоқчи. Туркия бу конларга даъвогарлигини эълон қилмоқда; худди шу ишни Греция ва Миср ҳам қилмоқда, бу эса ушбу давлатлар ўртасида зиддият кучайишига олиб келиши мумкин.

Сурияда Туркия Курдистон ишчилар партиясига (КИП) қарши операциялар ўтказмоқда. Шимолий Ироқда турклар КИПга ҳужумлар уюштириб туради ва у ерга ўз базаларини жойлаштирган эди. Курдларнинг мустақиллиги учун курашаётган КИПга қарши уруш, аслида, Туркиянинг ўз ҳудудида ҳам бўлмоқда. Бироқ Туркиянинг мақсадлари бу қарама-қаршиликлардан анча юқори.

Сурияда турк ҳарбийлари эгаллаб олган ҳудудларда турк валютаси муомалага киритилмоқда, бу туманларни Туркия билан боғловчи йўллар қурилмоқда, турк бизнеси у ерда жуда фаол. Асадга қарши жангарилардан бўлган араблар ва туркманлар турк зобитлари қўмондонлиги остида Сурия миллий армиясини (СМА) ташкил қилди. Суриянинг шимоли-ғарбий қисмидаги Идлибда Асад, Россия ва Эрон кучлари тайёрлаётган ҳужумга қарши туркларда 10 минглаб аскар ва саккиз мингдан ортиқ ҳарбий техникага эга бўлган бутун бошли армия бор. Улар Асадга қаршилар томонида бўлишга тайёр.

Туркиянинг таъсири Озарбайжонда ҳам ошиб кетди. Июль ойида Арманистон ва Озарбайжон ўртасида қуролли можаро бошланганидан сўнг Туркия ушбу мамлакат раҳбариятининг илтимосига биноан Озарбайжонга ўз қўшинларини юборди, Озарбайжон армияси билан биргаликда манёврлар ўтказиб, озарбайжонларни жанг майдонида қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Охирги йилларда Анқара руслардан газ олишни бирдан камайтириб, Озарбайжондан газ импорти ҳажмини оширди, озарбайжонлар эса бора-бора Туркия бозорида асосий газ етказиб берувчига айланиб бормоқда.

Фото: Google Photos

Бугунги кунда Туркия, эҳтимол, Тоғли Қорабоғдаги жанглар пайтида Озарбайжон армиясининг ҳарбий ҳаракатларини режалаштиришда қатнашмоқда. Анқара, шунингдек, Бокуни кўплаб қурол-яроғ, шу жумладан, Сурия ва Ливиядаги можаролар пайтида ўзини яхши кўрсатган Bayraktar 2 дронлари билан таъминлади. Бугунги кунда улар армани ҳарбий техникасини йўқ қилмоқда. Россия ва унинг иттифоқдошлари, яъни Арманистон ва Асад режимида ҳали бу янги турдаги қуролга қарши курашиш учун самарадор восита йўқ.

Илгари Туркия можаролардан эҳтиёткорлик билан қочар ва «қўшнилар билан нол муаммолар» тамойилига амал қилар эди (ягона истисно курдларга қарши операциялар эди). Бугунги кундаги бу ғайриоддий фаолликнинг сабаби нимада?

Биринчидан, Туркия ўнлаб йиллар давомида иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириб, саноат ва инфратузилмани модернизация қилди. Эндиликда у – кучли иқтисодиёт, армия ва ҳарбий саноат билан ўрта ривожланган давлат ҳисобланмоқда. Туркия монтаж цехига айланди ва Европа бозорида асосий автомобиль етказиб берувчига айланди; унинг қудратли мудофаа саноати, туркиялик мутахассисларнинг фикрига кўра, мамлакатнинг ҳарбий техникага бўлган эҳтиёжининг 80 фоизини қондиради (аммо бошқа таҳлилчилар буни муболаға деб ҳисоблайди). Туркия армияси НАТО ташкилотига аъзо давлатлар ичида энг кучли иккинчи армия саналади. Етарлича кучайиб олган Туркия иттифоқдош сиёсий ҳаракатлар ва режимларга таяниб, ҳарбий ва иқтисодий экспансия амалга оширадиган минтақавий суперкучга айланишга интилмоқда. Эрдўғон неоусмонийлик доктринаси доирасида Туркияни Яқин Шарқ ва мусулмон дунёсида етакчи кучга айлантиришга интилмоқда.

Иккинчидан, ўтказилган ижтимоий сўровларга кўра, Туркияда Эрдўғоннинг машҳурлиги тушиб кетмоқда. Бунинг сабаби глобал инқироз ва пандемия, аммо мамлакатда иқтисодий қийинчиликлар ундан олдинроқ бошланганди. Туркия иқтисодиёти 2020 йил 2-чорагида 9,9 фоизга қисқарди. Турк лирасининг долларга нисбати кескин тушмоқда, инфляция даражаси борган сари ошиб бормоқда. Агарда июль ойида сайловлар ўтказилганда, эҳтимол, Эрдўғон мухолифат Халқ партиясининг икки вакили – Анқара ва Истанбул мерларига ютқазиб қўйган бўлар эди.

Режим ҳарбий-ватанпарварлик ташвиқоти соҳасида «биз қайтмоқдамиз, биз – янги Усмонли империяси, мусулмонларнинг суперкучимиз», деб жавоб топишга ҳаракат қилмоқда.

Туркиянинг Ливиядаги ҳарбий экспансиясини туркларнинг 60 фоизи, Суриядаги курдларга қарши операцияларни 75 фоизи қўллаб-қувватламоқда. 70 фоизга яқин фуқаро Аё Софияга масжид мақоми қайтарилишини қўллади. Бу ҳаракатнинг фақатгина диний аҳамияти ҳақида гапириш керак эмас. Аё София сингари Константинопол ҳам (ҳозирги Истанбул) бир пайтлар турк қуролининг кучи билан забт этилган эди. Эрдўғоннинг намойишкорона ҳаракатлари диний ва ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини уйғотишга қаратилган.

Фото: Google Photos

Шу билан билан бирга, Эрдўғон катта ҳарбий можаролардан қочишга уринмоқда, негаки улар жуда хавфли ва кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин. Унга ҳам, Путинга ҳам катта уруш керак эмас. Сурияда 5 март куни Туркия ва Россия Идлибда сулҳ имзолади. Ливияда Триполидаги ҳукумат ва унинг Шарқдаги мухолифлари ўртасида нефть конларидан биргаликда фойдаланиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Эрдўғоннинг стратегияси иккита асосий унсурдан иборат – кутилмаган ҳужум, шу жумладан, иттифоқчилар томонидаги ҳарбий ҳаракат, сўнг тўхташ ва музокаралар. Аммо музокаралардан сўнг янги ҳужум бошланиши мумкин.

Бугун Москва Анқарага дунёнинг уч нуқтасида қаршилик кўрсатмоқда – Ливия, Сурия ва мана энди Туркия Озарбайжонни, Россия эса Арманистонни қўллаб-қувватлаётган Кавказда. Россия бу борадаги вазиятга анча кучли ёндошади, чунки Туркиянинг Жанубий Кавказда кучайиши Россиянинг асосан мусулмонлар яшайдиган ўлкаси – Шимолий Кавказ учун хавф туғдириши мумкин.

Бу икки мамлакат бир вақтда оёққа туриб, ўз уйларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида ҳарбий қудратини ташқи томондан лойиҳалаштиришга ҳаракат қилаётгани ташвишлидир. Глобал даражада рус-турк можароси ва ҳатто рус-турк уруши хавфи пайдо бўлади. Аммо бошқа томондан қараганда, икки томон ҳам иложи борича бундан қочишга ҳаракат қилмоқда. Ҳокимиятларнинг катта миқёсдаги можароси ҳамма учун бирдек хавфли саналади.

Бироқ кўплаб кучсиз давлатлар учун Россия-Туркия қарама-қаршилиги кўпроқ мустақилликка эришиш имкониятини беради, чунки улар кучлар ўртасида манёвр қилиши мумкин бўлади. Бирор давлат кучлироқ ҳокимият унинг манфаатини бузади деб ҳисобласа, у биринчи кучнинг манфаатига зарар етказиш қобилиятини намойиш этиб, бошқа кучли давлатга яқинлашишга ҳаракат қилиши мумкин. Шундай қилиб, кўплаб фойдали иқтисодий битимлар ва сиёсий қарорларга эришиш мумкин.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.