Қимматбаҳо тақинчоқлар, бежирим тиллақош ва маликага айлантириб қўювчи чиройли кўйлак … Ҳар бир аёл худди эртаклардаги каби сеҳрли либосни кийишни орзу қилади. Хўш, бундай бахтли лаҳзаларни ҳис қилган актрисалар суратга олиш жараёнини қандай ёдга олади? Шунингдек, либосларнинг ҳар бир детали ҳақида батафсил танишишни истайсизми? Қуйидаги қизиқарли маълумотлар айнан шу ҳақда.
«Оппоғой ва овчи – 2» − Шарлиз Терон
Либослар бўйича дизайнер: Коллин Этвуд
Ушбу фильм аввалги «Оппоғой ва овчи» сингари нафақат афсонавий, балки дизайнер Коллин Этвуд томонидан яратилган замонавий либослар туфайли ҳам эътиборга лойиқдир. Тўғри, биринчи қисм ҳатто либос жиҳатидан ҳам анча ишончли кўринади – малика Ровенни образи мазмун жиҳатидан анча замонавий ва мулоҳазали. Аммо биргина лента жуда ўхшаш, иккала фильмда ҳам Шарлиз Терон ҳайратда қолдирадиган қарға патларидан иборат қора плашда намоён бўлади. Айнан шу либосни актриса фильм давомида ҳам ўзгартирмайди.
Либослар бўйича дизайнер Этвуднинг сўзларига кўра, кўйлак жуда оғир – суратга олиш жараёнида Шарлиз бир неча дақиқалик танаффус қилиб, тоза ҳавода нафас олиш учун чиқар эди. Шунингдек, ушбу санъат асарини яратиш ҳам осон кечмаган, тикувчилар ҳар бир патни қўл меҳнати ёрдамида амалга оширган. Либос тайёр бўлиши учун тахминан 2 ҳафта, моддий томондан эса 30 000 доллар сарфланган.
«Золушка» − Лили Жеймс
Либослар бўйича дизайнер: Сэнди Пауэлл
«Малика» бўлишни орзу қилганлар ишни, албатта, 2015 йил суратга олинган «Золушка» фильмидаги ҳаво ранг либосни кийишдан бошлаш керак. Чиндан ҳам мўъжизанинг ўзгинаси. Ушбу эртакона либосни яратиш учун дизайнер Сэнди Пауэллга тахминан 4000 соат вақт керак бўлди. Шунингдек, фильмда ҳар бир саҳна учун турли хил кўринишдаги либослар яратилган. Ҳаммаси бўлиб улар 8 тани ташкил этади. Уларнинг ҳар бирига, тахминан, 12 минг доллар, 250 метрдан мато ва 5 километр узунликда ип сарфланган.
Фильм қаҳрамони Лили Жеймс учун танланган либослар бир-биридан унчалик фарқ қилмас эди, чунки либоснинг корсет ва чамбаракли кенг юбка қисми пўлатдан ишланган эди. Актриса ҳар сафар уни кийиш учун 25 дақиқа вақт сарфлар эди. Шунингдек, либослар актрисанинг нафас олишига бироз тўсқинлик қилар, аммо Золушка ҳеч қандай қўшимча эффектларсиз ҳам мукаммал кўринишда бўлиши керак эди. Лилининг сўзларига кўра, унинг учун энг қийини шаҳзода билан балда рақс тушиш саҳнаси бўлган. Сабаби шаҳзода ҳар сафар унинг этагини босиб олар ва бунга қўшимча қилинган дубль эса «сеҳрли» либосда ўтиши қийин бўлаётган вақтни дақиқа, ҳатто соатларга ҳам узайтиргандек туюлган.
«Оппоғой: Гномларнинг қасоси» – Жулия Робертс
Либослар бўйича дизайнер: Эйко Ишиоки
Ушбу фильм учун либослар афсонавий дизайнер Эйко Ишиоки томонидан яратилган. Унинг моҳир қўллари туфайли қироличанинг гардеробида Жулия санъат асари деб атайдиган бир неча замонавий либослар пайдо бўлди. Аммо фильм борасида актрисага берилган суратга олиш ишларининг энг қийин босқичи ҳақидаги саволга: «Менинг тўй либосим», дея жавоб берди.
Қиролича Клементинанинг тўй либоси 25 килограмм ва диаметри 2,4 метрни ташкил этади. Ушбу либосни кийиш учун актриса ҳар сафар жуда кўп вақт сарфлаган, шунингдек, унга бир нечта одам ёрдам ҳам берган. Дизайнер қироличанинг гардеробини тўлдирган бошқа либослар ҳам жуда оғир бўлган, аммо актрисанинг ёдида айнан шу либос қолган. Ҳатто юлдузнинг шахсий ёрдамчиси ҳам фильмни суратга олиш жараёнига изоҳ бераркан, тўй саҳнаси жараёни Жулияни чиндан ҳам чарчатганини таъкидлаган.
«Алиса мўъжизалар мамлакатида» – Хелена Бонэм Картер
Либослар бўйича дизайнер: Коллин Этвуд
Тим Бертоннинг «Алиса» фильмида роль ижро этган Миа Васиковсканинг қаҳрамони азоб чекиши керак эмас эди. Аммо ўша пайтдаги қийинчиликлар режиссёрнинг рафиқаси Хелена Бонэм Картерга насиб этди. У Қизил малика ролини ижро этди. Муаммо шундаки, режиссёр Бертоннинг ғоясига кўра, қаҳрамон қандайдир хунук кўринишга эга бўлиши керак эди. Масалан, боши ҳаддан ортиқ катта бўлиши мумкин. Ушбу кўринишни ҳосил қилишда компьютер даҳолари ҳаракат қилди, шунингдек, улар билан бирга либос бўйича дизайнерлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшиш керак эди.
Бош нисбатан каттароқ кўриниши учун танани иложи борича кичкина кўрсатишга тўғри келган. Ўша пайтда Картер 47 ёш бўлишига қарамай, чиройли қомат эгаси эди. Аммо бу иш корсетсиз битмади, актрисанинг бели шу даражада сиқилган эдики, у ҳатто нафас олиб, чиқара олмасди. Юлдузнинг сўзларига кўра, у корсет кийишда бебаҳо тажриба орттирган. Кейинчалик 2015 йилда «Золушка» фильмидаги иштирокидан сўнг Лили Жеймсга ўзининг сирини ўргатди. Хелена кейинчалик қовурғалар оғримаслиги учун корсет иплари боғланганда қандай қилиб нафас олишни кўрсатди.
«Ака-ука Гриммлар» – Моника Беллуччи
Либослар бўйича дизайнер: Габриэлла Пискуччи
Терри Гиллиамнинг эртагида Моника Беллуччи жодугар ролини ўйнади, унинг прототипи қонли графиня Елизавета Батори эди, у афсонага кўра ўз ёшлигини сақлаб қолиши учун ёш қизларнинг қонини ичган. Шунинг учун Мониканинг образ тасвирлари қирмизи-қизил рангларда яратилган. Жодугарнинг бахмал кўйлаги ўрта аср кийимига ўхшаса-да, аммо асл безаклар билан безатилган.
Парча ва бахмал матолардан тикилган либос жуда оғир бўлиб, либоснинг узун шлейфи актрисанинг суратга олиш майдончасида ҳаракатланишида халақит берарди. Аммо ундан кўпроқ қийинчилик туғдирган масала қаҳрамоннинг аксессуарлари бўлди. Жодугарнинг тожи ва зираклари чиндан ҳам оғир эди. Габриэлла Пискуччининг изланишига қарамай, бошдаги безакни енгиллаштиришнинг иложи бўлмади. Тож билан боғлиқ саҳналар, албатта, бир қанча танаффус талаб этган. Аммо дизайнер зираклар учун ажойиб ҳийла ўйлаб топган, кейинчалик улар аввалгидек актрисанинг қулоқларига оғирлик қилмади.
Изоҳ (0)