Ўзбекистонда COVID-19 касаллигига чалинган беморларни даволашда «Ремдесивир» ва «Фавипиравир» дори воситаларидан фойдаланилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик томонидан хабар берилишича, мамлакатда пандемия шароитида юзага келиши мумкин бўлган дори-дармон тақчиллигининг олдини олиш мақсадида давлат томонидан қатор чоралар кўрилмоқда. Аввало, ҳудудларда етишмовчилик кузатилаётган дори-дармонлар аниқланиб, уларни етказиб бериш масалалари ҳал этилмоқда. Ҳозирда ушбу дори воситаларининг 24 миллиард сўмлик захираси шакллантирилиб, айни пайтгача поликлиникалар орқали 300 минг тўплам дори қутилари аҳолига тарқатилмоқда.
Қайд этилишича, ҳозирда жаҳон тиббиётида коронавирус инфекциясини даволаш учун «Ремдесивир» ва «Фавипиравир» дори воситалари кенг қўлланилмоқда. Ўзбекистон Президентининг топшириғига асосан, аҳолини айнан шундай препаратлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, ҳозирга қадар касалликнинг бошланғич босқичидаги беморлар учун 17 минг нафар беморга мўлжалланган 17 минг дона «Фавипиравир» ва оғир ҳолатдаги 2500 нафар беморга мўлжалланган 15 минг дона «Ремдесивир» дори воситаси даволаш муассасаларига бепул етказиб берилди.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилаётган «Ремдесивир» препарати билан аҳолини таъминлаш қисқа вақт ичида бир неча баробарга оширилиши кутилмоқда.
Шунингдек, айни пайтгача мактаб ўқитувчилари учун 4 миллион 715 минг дона таркибида коронавирусга қарши самарали бўлган синк микроэлементи мавжуд препаратлар етказиб берилди.
«Давлат раҳбари томонидан ҳар ой шу каби дори воситалари туркумини республика шифохоналарига узлуксиз етказиб бериш бўйича тегишли топшириқлар берилган», — дейилади вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, «Ремдесивир» Европа Иттифоқида рухсат олиш учун тавсия қилинган коронавирусга қарши илк дори воситаси ҳисобланади. Жанубий Корея ҳам 1 июлдан бошлаб «Ремдесивир» дори воситасини сотиб олишни бошлаганди. Ўзбекистонда ҳам профилактика, касалликнинг юқишини олдини олиш мақсадида ишлатиш мумкин бўлган дорилар қаторида «Ремдесивир» бор. ЖССТ «Ремдесивир»ни коронавирусга қарши курашда «умид уйғотувчи» дори воситаси деб атаган. Препарат коронавирус кўпайишини блоклаш хусусиятига эга эканлиги канадалик олимлар томонидан апрель ойида аниқланганди. АҚШ «Ремдесивир» препаратининг деярли барча захирасини сотиб олаётганини маълум қилганди.
Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Ўзбекистонга 200 минг қадоқ Японияда ишлаб чиқарилган «Авиган» («Фавипиравир») дори воситаси келтирилганини билдирганди.
Изоҳ (0)