Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь–сентябрь ойлари давомида истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифлар ўртача 6,3 фоизга ошди, дея хабар бермоқда Давлат статистика қўмитаси.
Йиллик даврда (2019 йилнинг сентябрига нисбатан) товарлар ва хизматлар нархларининг ўртача ўсиш суръати 11,7 фоизни ташкил этди.
Товарлар ва хизматлар нархлари 2019 йилнинг сентябрь ойи давомида ўртача 1,3 фоизга кўтарилган. 2019 йилнинг январь–сентябрь ойларида товарлар ва хизматлар ўртача 9,7 фоизга қимматлашган. 2018 йилнинг сентябрига нисбатан 2019 йилнинг сентябрь ойида товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 16,0 фоизга ошган.
Ўртача ойлик истеъмол нархлари индекси ўсиши ҳисоблаш натижаларига кўра, 2020 йилнинг январь–сентябрь ойлари давомида 0,7 фоизни, 2019 йилнинг шу даврида эса 1,0 фоизни ташкил этган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 2020 йилнинг сентябрь ойи давомида ўртача 2,2 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлар 1,0 фоизга ва хизматлар 0,5 фоизга қимматлашди.
Маълумот учун, 2019 йилнинг сентябрь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 1,4 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлар 0,9 фоизга ва хизматлар 2,0 фоизга қимматлашган.
Умумий ҳисобда, 2020 йилнинг январь–сентябрь ойлари давомида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари даражаси 7,5 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлар 6,0 фоизга, хизматлар 4,5 фоизга ошди.
Изоҳ (0)