Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати Ўзбекистондаги турли дин намоёндалари иштирокидаги ижтимоий роликни эълон қилди.
Ижтимоий видеороликда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров, Рим-католик черкови руҳонийси Ежи Мацулевич, Тошкент шаҳар Рус православ черкови бош руҳонийси Сергей Стаценко ўзбекистонликларга мурожаат қилган.
Жумладан, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров, «карантин юмшатилгани, дегани касаллик чекинганини англатмаслигини айтиб, мусулмонларни ҳушёрликни йўқотмасликка, хотиржамликка берилмасликка ундаган. Ибодатларни адо этишда ижтимоий масофаланиш ва карантин тартиб-қоидаларига риоя этишга, антисептик воситалардан фойдаланишга чақирган.
Рим-католик черкови руҳонийси Ежи Мацулевич эса, аҳоли гавжум жойларда, оммавий тадбирларда, ибодатхоналарда ҳам карантин қоидаларига амал қилиш муҳимлиги, антисептик воситалардан мунтазам фойдаланиш, ибодат жараёнида ижтимоий масофани сақлаш лозимлигини таъкидлаган.
Тошкент шаҳар Рус православ черкови бош руҳонийси Сергей Стаценко инсон карантин қоидаларига риоя қилиш орқали нафақат ўзини, балки оиласи, яқинлари саломатлиги учун масъул эканини эслатган ҳамда барчаси инсонларнинг ўзига боғлиқ эканини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2020 йил 4 сентябрдан бошлаб диний ташкилотларда жамоавий ибодатларни (жума ва шанба, якшанбалик диний хизматлар) амалга оширишга рухсат берилган.
Ўзбекистондаги барча 2070 та жоме масжиди 2020 йил 17 август куни бомдод намозидан бошлаб ўз фаолиятини қайта бошлаган.
Изоҳ (0)