Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёда COVID-19 коронавирусининг тарқалиши фаоллашаётганидан огоҳлантирди, бироқ ўлим ҳолатлари сони камаймоқда. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

Фото: РФИ

Ташкилотнинг сўнгги маълумотларига кўра, ўтган ҳафтада дунёда коронавирус билан касалланиш бўйича қарийб 2 миллионта янги ҳолат қайд этилган, бу эса бир ҳафта олдингига қараганда олти фоизга кўпроқ.

«Гап эпидемия бошидан буён бир ҳафта ичида қайд этилган энг кўп ҳолат ҳақида кетмоқда», — дея таъкидлаган ЖССТ.

Worldometer статистик маълумотлар сайтига кўра, пандемия бошидан буён дунёда 31,5 мллионта COVID-19 билан касалланиш ҳолати қайд этилган, қарийб 968 минг бемор вафот этган, 23,1 миллиондан ортиқ бемор тузалган.

Касалланганлар сони бўйича АҚШ 7 миллиондан ортиқ бемор билан дунёда етакчилик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларни Ҳиндистон 5,5 миллион ва Бразилия 4,5 миллион бемор билан эгаллаб турибди.

Маълумот учун, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 30 августда 25 миллиондан, 11 сентябрь куни 28 миллиондан, 14 сентябрь куни эса 29 миллион 18 сентябрь куни 30 миллион, 21 сентябрь куни 31 миллион кишидан ошган эди.