«Беларуськалий» тўртинчи кон бошқармасининг тоғ-кон устаси Олег Куделка ўз талаблари бажарилмагунча шахтадан ер юзига кўтарилишдан бош тортди. Meduza’нинг хабар беришича, бу ҳақда корхонанинг иш ташлаш қўмитаси маълум қилган. Бу хабарни Onliner ва Tut.by’га шахтёрнинг ҳамкасблари ҳам тасдиқлаган.
Куделка «Беларуськалий» бош директори истеъфосини, иш ташлаш қўмитаси аъзоларини озод қилишни, уларга ва оила аъзоларига босим ўтказишни тўхтатишни, «Беларуськалий»нинг иш ташлаш эълон қилган ходимларини ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарорларни бекор қилишни, кучишлатар тузилмаларнинг ноқонуний ҳаракатларини тўхтатишни талаб қилган.
Куделка ҳамкасбларининг айтишича, у коннинг 440 метр чуқурлигида қолган. У қидирилмоқда. «Уни қидиришга кетишган. Лекин шахтада баъзан одамни бир суткада, баъзан эса бир соатда топиш ҳам мумкин», — деган улардан бири Tut.by’га.
Куделка норозилик сифатида «Беларуськалий»дан кўтарилишдан бош тортган иккинчи ходим бўлди. 10 сентябрь куни кончи Юрий Корзун ҳам шундай йўл тутган. У ўзини кишан билан руда қазиб олувчи ускунага боғлаб қўйган. Орадан бир неча соат ўтиб кишанни ечиб, у шахтадан ташқарига олиб чиқилган.
Шунингдек, Meduza’нинг қўшимча қилишича, «Беларуськалий» иш ташлаш қўмитаси Куделка хотинига қўнғироқ қилиб, уни куч билан олиб чиқиб, тез ёрдамга ўтқазишгани ва психоневрологик диспансерга олиб кетишаётганини айтганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 9 август куни Беларусда президентлик сайловлари ўтказилди. Марказий сайлов комиссия маълумотларига кўра, у 80 фоиз овоз олиб олтинчи марта ғолиб бўлди. Шу билан бирга ОАВлар ва кузатувчилар сайловларда кўплаб қоидабузарликларга йўл қўйилганини билдирган. Сайловлардан сўнг оммавий норозиликлар бошланган ва ҳали ҳам давом этиб келмоқда.
Изоҳ (0)