Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг 75 йиллик фаолияти давомида асосий мақсади — Учинчи жаҳон урушининг олдини олишга эришди. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ташкилотнинг юбилейига бағишланган маросимда айтиб ўтди, деб хабар бермоқда «Korrespondent.net».
«Дунё раҳбарлари халқаро ҳамкорлик ва қонун устуворлигига келишлари учун икки жаҳон уруши ва Холокост даҳшатлари керак бўлди. Ушбу ҳамкорлик ўз самарасини берди. Кўпчилик қўрққан Учинчи жаҳон урушининг олди олинди», — деди ташкилот бош котиби.
Гутерриш замонавий тарихда йирик давлатлар ўртасида ҳарбий қарама-қаршиликларсиз бундай узоқ вақт бўлмаганига эътибор қаратди.
«Бу иштирокчи давлатлар фахрланиши мумкин бўлган ва уни сақлаб қолиши керак бўлган катта ютуқдир», — деди БМТ бош котиби.
«Бироқ, ҳали кўп иш қилиш керак», — деди БМТ раҳбари. У дунёдаги энг муҳим масалалар қаторида гендер тенгсизлиги, иқлим ўзгариши, қашшоқликнинг кўпайиши, нафратнинг тарқалиши, геосиёсий зиддиятлар ва ядро қуролларини санаб ўтди.
БМТ халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ва мустаҳкамлаш, халқларнинг тенглиги ва ўз тақдирини ўзи белгилаш тамойилига ҳурмат асосида давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун ташкил қилинган. У умумий мақсадларга эришишда халқларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш маркази бўлиши назарда тутилган. БМТ низоми 1945 йил 24 октябрда кучга кирган. Бугунги кунда 193 та давлат унга аъзо ҳисобланади.
Фаолият асослари ва ташкилотнинг тузилиши Иккинчи жаҳон уруши даврида Гитлерга қарши коалиция аъзолари томонидан ишлаб чиқилган.
Аввалроқ Антонио Гутерриш ҳозирги пайтда дунёда хавфсизлик учун асосий таҳдид COVID-19 пандемияси эканлигини айтганди. Унинг сўзларига кўра, вакцинага жуда кўп ишониб юбормаслик керак. «У инқирозни ўз-ўзидан бартараф эта олмайди», — дея таъкидлаган Гутерриш.
Изоҳ (0)