Samsung Electronics компанияси Galaxy сериясидаги смартфонлардан фойдаланган ҳолда 8K форматдаги бадиий фильм яратиш устида иш бошлаганини эълон қилди, деб хабар беради «4PDA.ru».

Фото: Yonhap News

Компания янги лентага оид маълумотлар билан бўлишган, шунингдек, тайёр бўлган фильмни намойиш этиш учун шунга мос бир нечта кинотеатр очилишини маълум қилган.

Samsung ҳозирда Untact номини олган романтик фильм режиссёри ва актёрлари билан музокаралар ўтказиб бўлган ва журналистларга суратга олиш жараёни тўғрисида маълумотлар берди. Бренд вакилларининг сўзларига кўра, айрим саҳналардан ташқари бутун фильм Galaxy S20 ва Galaxy Note20 смартфонлари камераси ёрдамида суратга олинади.

Компаниянинг маълум қилишича, лойиҳанинг мақсади — 8K контентни ва истеъмолчилар учун шу каби экотизимни тарғибот қилишдан иборат. Шу сабабли кейинги ойда Samsung янги фильми намойиши учун Сеулда QLED панелларига эга иккита миникинотеатр очади. Жойлар чеклангани сабаб чипталар олдиндан буюртма қилинади. Шунингдек, томошабинлар картинани онлайн, хусусан, YouTube орқали ҳам томоша қилишлари мумкин.

Аввалроқ Жанубий Кореяда роботлар ва автоматик кассалар хизмат кўрсатувчи кинотеатрлар иш бошлагани тўғрисида хабар берилганди.