Махсус поезд рейслари орқали Самарадан 938 нафар ўзбекистонлик олиб келинди, дея хабар бермоқда Транспорт вазирлиги.
Республика махсус комиссияси Ўзбекистон фуқароларини Россиянинг Самара вилоятидан олиб келиш учун Тошкент–Кинел–Тошкент темир йўл рейсини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.
Россия ва Қозоғистон томони билан келишувга биноан 14 сентябрь куни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ поезди 938 нафар ўзбекистонлик билан «Кинел» станциясидан Ўзбекистонга жўнаган эди.
Мазкур поезд 16 сентябрь куни Тошкент Жанубий вокзалига етиб келган. Ушбу рейс орқали олиб келинган барча фуқаролар автобусларда Тошкент вилоятидаги карантин зоналарига етказилган.
Бундан бир кун аввал Самара ва Екатеринбургдан 2 мингга яқин ўзбекистонлик, 3 сентябрь куни эса 922 нафар ўзбекистонлик поездда Самарқандга олиб келинганди.
Бунга қадар Россиянинг Шимолий Кавказ ва Жанубий федерал округларидан 927 нафар, Самара вилоятидан 918 нафар ўзбекистонлик поезд орқали мамлакатга олиб келинган. 9 августда Россиядан поездда олиб келинган 918 нафар ўзбекистонлик Намангандаги карантин зонасига жойлаштирилган. Шунингдек, шу куни бошқа бир поезд Самарадан Самарқандга ўзбекистонликларни олиб келган.
Изоҳ (0)