Ўзбекистон олий таълим муассасаларига 2020/2021-ўқув йили учун 2—13 сентябрь кунлари ўтказилган тест синовлари ҳудудига киришда тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлган ҳамда тест синови ўтказиладиган кунда коронавирус инфекцияси билан касалланган абитуриентлар учун тест синовлари 2020 йил 17 сентябрь куни ташкил этилади. Бу ҳақда Давлат тест маркази маълум қилди.
Мазкур абитуриентлар учун тест синовлари 2020 йил 17 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда соат 08:00 дан 11:00 га қадар, Тошкент шаҳрида Юнусобод туманидаги Ботаника боғида 15:00 дан 18:00 га қадар бўлиб ўтади.
Абитуриентлардан тест синовларига кечикмасдан, белгиланган вақтдан камида 1 соат олдин, паспорт ва абитуриент рухсатномаси билан келиш сўралади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ОТМларига кириш имтиҳонларида 90 нафар абитуриент тана ҳарорати юқорилиги сабабли тест синовларига киритилмаганди. Шунингдек, жами 1187 нафар абитуриент турли сабабларга кўра тест синовларидан четлатилган. Шундан 548 нафари ҳудудга киришда, 639 нафари эса тест синови жараёнида имтиҳондан четлатилган.
Изоҳ (0)