Сўх туманида юз берган оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда гумон қилиниб 22 августдан буён ушлаб турилган блогер Ҳайдаржон Бобоҳайдаров (Дадахон Ҳайдаров) 2 сентябрь куни озодликка чиқарилган. Бу ҳақда унинг адвокати Ҳамидахон Абдуназаровага таяниб, «Kun.uz» хабар берди.

Дадахон Ҳайдаров.

Кадр: YouTube

Адвокатнинг маълум қилишича, ҳимояси остидаги шахсни жиноят ишида айбланувчи тариқасида жалб этиш ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш учун етарли асослар бўлмаган. Шу сабабли у тергов органининг қарори билан қўйиб юборилган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 31 май куни Фарғона вилояти Сўх туманида бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлар ортидан қўзғатилган жиноят иши доирасида бир неча киши ҳибсга олинган. Кейинроқ улар орасида бош вазир билан учрашувда вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг истеъфосини сўраган блогер Ҳайдаржон Бобоҳайдаров ҳам борлиги маълум бўлди.

Блогернинг отаси ўғли 22 август куни вертолётда «бошига қоп кийдириб» олиб кетилганини маълум қилди. 30 август куни ижтимоий тармоқларда блогернинг онаси Азиза Эралиева видеомурожаат қилиб, Президентдан фарзандини афв этишни сўради.

Шундан сўнг Бош прокуратура Ҳайдаржон Бобоҳайдаровнинг ҳибсга олингани ҳақида хабар берди. Унда Бобоҳайдаров жиноят иши бўйича гумон қилинувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, Жиноят процессуал кодексининг 226-моддаси (ушлаб турилганларни сақлаш жойлари) тартибида ушлангани маълум қилинган.