Самарқанд шаҳрида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовни хотирлаш тадбирлари ўтказилди, деб хабар беради ЎзА.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарорига кўра, ҳар йили 2 сентябрь Ислом Каримов хотираси куни сифатида тадбирлар ўтказилиши анъанага айланган.
Вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари дастлаб Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов мақбара-мажмуасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.
Ислом Каримовнинг Ўзбекистон мустақилликка эришиши ва тараққиёти йўлидаги хизматлари ёдга олинган.
Шундан сўнг вилоят жамоатчилиги вакиллари Регистон майдони яқинида ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйган. Тадбирларда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳам иштирок этган.
Аввалроқ Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев бошчилигидаги вилоят масъуллари ва жамоатчилик вакиллари Ислом Каримов хотираси ёд этиб, унинг Қарши шаҳридаги ҳайкали пойига гулчамбар қўйгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)