Коронавирус пандемияси шароитида Ўзбекистон мактабларида дарслар давомийлигини 30 дақиқа этиб белгилаш таклиф қилинаётган эди. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов дарслар 45 дақиқа давом этиши тарафдори эканини айтганди. Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова «Ўзбекистон 24» радиоканалига берган интервьюсида дарслар сони ва давомийлигини қисқартириш масалалари кўрилмаётганини маълум қилди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар бермоқда.
«Дарсларни камайтириш, дарс соатларини қисқартириш масалалари кўрилмаяпти. Дарслар давомийлиги 45 дақиқадан бўлади. Ҳозир қилинаётган ягона иш — фарзандини мактабга юбориш-юбормаслик танлови ота-онанинг ўзига бериляпти. Ота-оналар ҳар куни ўз фарзандининг саломатлигини текшириб бориши керак. Асосий масъулият ота-оналарнинг ўзида қолган. Эрталаб бола йўталиб қолдими, ҳеч нарса қилмайди, боравер, демасдан, ҳар куни ўзини қандай ҳис қилаётганини сўраб, иситмасини ўлчаб, назорат қилишимиз керак», — деган у.
Мавзуга доир: Ҳабибулло Оқилов ўқиш бошланса, фарзандини мактабга юборишга хавфсираётган ота-оналарга тавсия берди
«Янги ўқув йили қандай бошланиши бўйича кўплаб мунозаралар бўлди. Шу боис мактабларни очиш бўйича бир қарорга келишдан аввал ота-оналар орасида сўровнома ўтказдик. 70 фоиз ота-она фарзандининг саломатлигидан хавотирда эканлигини ва мактабга юбормаслигини, 30 фоизи мактабга юборишга тайёрлигини билдирган. Республикадаги 6 миллиондан ортиқ ўқувчи кесимида кўрсак, тарафлар 2 миллион ва 4 миллионга бўлинди. Шу боис таклиф қилинаётган учта сценарий — онлайн, анъанавий ва гибрид (аралаш) таълим шаклидан учинчи вариантга тўхталдик. 14 сентябрдан бошлаб барча мактаблар очилади, ота-оналар ўзлари қарор қабул қилган ҳолда болани мактабга юборади ёки йўқ.
Ҳозир барча мактабларда бу хусусида сўровнома ўтказилмоқда. Ҳафта охиригача ўтказиладиган сўровномада ота-оналар мактабга бориб иштирок этишларини сўраб қолардик.
Вирус қачон чекинишини билмаймиз. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти пандемия икки йилгача чўзилиши мумкинлигини тахмин қилган. Пандемия бир ойдан кейин буткул йўқолади деганда балки кутган бўлардик. Ҳозир йўқотиладиган ҳар бир кун, ой фарзандларимиз келажаги учун бўшлиқ бўлиб қолиши мумкин.
Албатта, вирусдан биров кафолатланган деб айта олмаймиз. Лекин ота-оналарнинг кўпчилиги фарзандларини мактабга юборишга тайёр.
Шуни ҳам қайд этиш керакки, карантин энг авжига чиққанда ҳам болалар кўчаларда бир-бири билан ўйнаб, мулоқотда бўлганлигини кузатдик», — деб таъкидлаган Лайло Рустамова.
Ахборот хизмати раҳбари гибрид сценарийга кўра, онлайн таълим қандай шаклда кечишига ҳам тўхталиб ўтган.
«Онлайн дарс деганда интернет орқали дарс ўтиш тушунилмайди. Барча дарслар Миллий телерадиокомпаниянинг ҳар бир хонадонда мавжуд телеканаллари орқали эфирга узатилади. Анъанавий мактабга қатнамаган болалар телеканаллар орқали дарсларни кузатишади. Ўқитувчининг вазифаси фақатгина ўқувчининг уй топшириқларини текширишдан иборат. Бу ҳам ‘kundalik.com’ платформаси орқали амалга оширилади.
Ҳозирда теледарсларни тайёрлаш учун республика бўйича 200 нафар ўқитувчи жалб қилинган», — деди ХТВ вакили.
Эслатиб ўтамиз, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов янги ўқув йилини 14 сентябрь — душанба кунидан бошлаш таклиф сифатида киритилганини маълум қилган эди. Мактаблар фаолияти гибрид сценарий асосида — анъанавий ва онлайн таълим шакли аралаш ҳолда ташкил этилиши кутилмоқда. Давлат мактабларида янги ўқув йилида мажбурий мактаб формаси талаб қилинмайди.
Мавзуга доир:
- Мактаб ва боғчалар очилишига тайёргарлик кўрилмоқда
- Халқ таълими вазирлиги: Ўзбекистондаги барча мактабларда октябргача буржуйка печларидан воз кечилади
- Ўзбекистон мактабларида пандемия шароитида ўқув йилини бошлаш бўйича қарор лойиҳаси тайёрланди
- Шерзод Шерматов мактаб ўқитувчиларидан коронавирусга тест олиш режалаштирилганини тасдиқлади
Изоҳ (0)