Сарлавҳани бежизга икки бургут тўқнашган кун дея қўймадик. Чунки 1071 йил 26 август жума куни туғларида икки бошли бургут расми туширилган икки император – Византия императори Роман IV Диоген ва Салжуқий султони Султон Алп Арслон Малазгирт текисликларида тўқнаш келди. Ушбу жангда Султон Алп Арслоннинг қўли баланд келди ва мусулмон туркларга Онадўли эшикларини очиб берди. «Дарё» ушбу муҳим тарихий воқеа ҳақида ҳикоя қилади.
Буюк Салжуқийлар империяси
Х асрда мусулмон шарқида араб халифалиги заифлашиб, Марказий Осиёда янги турк давлатлари вужудга кела бошлади. Шундай шароитда 1037 йилда туркманларнинг қиниқли уруғидан бўлган, Салжуқнинг ўғли Тўғрулбек ғазнавийлардан мустақил бўлиб чиқди ва бугунги Эрон ҳудудида янги бир давлатга асос солди. Бу тарих китобларида Буюк салжуқийлар империяси деб номланган давлат эди. Вужудга келишидан қисқа вақт ичида чегаралари ғарбда Бағдодгача, шимоли-ғарбда арманлар ерлари ва Онадўли чегараларигача бориб етди. Бу ишда, айниқса, Тўғрулбекнинг жияни, вафотидан кейин тахтга ўтирган иккинчи Салжуқий султон Алп Арслоннинг хизматлари катта эди.Алп Арслон бир қатор ғалабалар қозониб, арманлар, гуржилар яшайдиган ҳудудларни қўлга киритиб, кейинги мақсади Шом ва Мисрга юриб, шиа Фотимий давлатини эгаллаб, бутун мусулмон диёрларини бир давлат остида бирлаштириш эди. Аммо режалар ўзгариб кетди.
Жанг арафасидаги тарихий шароит
1063 йилда Тўғрулбек вафотидан сўнг тахтга Алп Арслон ўтирди. У мамлакатдаги кўчманчи туркларга ҳозирги Арманистон ва Онадўли тарафларга кўчишга изн берди. Византия императори Роман Диоген 1068 йилда уларга қарши бир неча марта жанг қилишга мажбур бўлди.1070 йилда Алп Арслон бошлиқ турклар Малазгирт, Эржиш қалъаларини эгаллади. Сўнг Диёрбакр эгалланди, Урфага ҳужум қилинди. Аммо Урфани эгаллай олишмади. Кейин эса Алп Арслон турк бейларидан бўлган Афшин бейни ўз қўшинлари сафига қўшиб олди ва Ҳалабни эгаллади. Бу орада минтақадаги турк отли қўшинларига ва Акинчи бейлар дея номланган махсус қисмларга Византия шаҳарларига ҳужумлар уюштиришни буюрди.
Бу орада Византияда тахт атрофидаги вазият нотинч эди. Душманга қарши курашадиган бирор кучли лидер император йўқ эди. 1067 йилда Император Константин Х Дукас вафот этди. Унинг ўрнида тахтга ўтириши керак бўлган ўғли Михаил VII тахтни бошқаришга салоҳияти йўқлигидан тахтга онаси Евдокия ўтирди. Аммо юқори қатлам вакиллари, сенат, армия, патриархлар мамлакат чегараларидаги душманга қарши курашда кучли бир шахсият керак деган қарорга борди. Улар тахт учун кучли генераллардан бўлган Роман Диогенни танлади. Евдокия реининг васиятига кўра қайта турмушга чиқа олмас эди ва буни тасдиқлайдиган ёзма ҳужжат ҳам бор эди. Аммо у бу хатни йўқ қилади ва Роман Диоген билан турмуш қуради.
Янги император 1068–1070 йиллар давомида юқорида айтганимиздек, бир неча бор туркларга қарши юриш қилишга мажбур бўлади. Армияни қайта ташкил қилади. Роман Диоген туркларга қарши кучли зарба бериб, чегараларни мустаҳкамлаш, қўлдан кетган қалъаларни қайтариб олиш мақсадида, 1071 йил 13 март куни Константинополдан катта қўшин билан йўлга чиқди. У билан бирга чиққан қўшиннинг сони борасида турли тахминлар айтилади.
Баъзилар 200 минг, баъзилар 600 минг, ҳатто XII асрда яшаган армани тарихчи эдессалик Матта Византия қўшинини бир миллион деб келтиради. Замонавий тарихчилар эса 40 мингдан 75 минггача бўлганини таъкидлайди (Haldon, John (2001). The Byzantine Wars: Battles and Campaigns of the Byzantine Era. Stroud: Tempus. P173 ; Jean-Claude Cheynet, Mantzikert: un désastre militaire?, Bruxelles, Revue internationale des études byzantines, 1980, p. 426).
Византия қўшини асосан чет элликлардан ташкил топган бўлиб, уларнинг кўпи пул учун жанг қиладиган ёлланма жангчилар эди. Қўшин таркибида, славянлар, готлар, франклар, гуржулар, мусулмон бўлмаган ўғуз, қипчоқ ва печенег турклари кабилар бор эди. Қўшин Сивасда тўхтади ва бир қатор армани қишлоқларини вайрон қилиб, 1071 йил июнь ойида Эрзурумга борди. Алп Арслоннинг Ҳалабда эканидан фойдаланиб, Малазгирт ва Аҳлатни эгаллашни ният қилиб, Диоген тезлик билан Ван кўлига қараб тўғри юрди.
Ҳалабда истироҳат этаётган ва Миср сафарига ҳозирлик кўраётган Султон Алп Арслон ҳузурига Византия элчилари келиб эгалланган қалъаларни қайтариб беришни сўради. Аммо рад жавобини олишди. Алп Арслон Миср сафарини бекор қилиб, 20–30 минг кишилик қўшини билан Малазгиртга қараб юрди. (Haldon, John (2001). The Byzantine Wars: Battles and Campaigns of the Byzantine Era. Stroud: Tempus. P173). Жосуслар воситасида Диоген қўшинларининг сонининг кўплигини билган Алп Арслон Византиянинг мақсади фақатгина Малазгирт эмас, балки пойтахт Исфаҳонни эгаллаш эканини сезди.
Жангнинг бориши
Малазгиртга етиб келган султон қўмондонлари билан жанг тактикаси ҳақида гаплашиб олиш учун кенгаш чақирди. Роман Диоген эса тактикасини тузиб бўлган эди. Унга кўра, биринчи ҳужум турклардан бўлиши ва у қарши ҳужумга ўтиб жангга кириши керак эди. Апл Арслон эса «ҳилол», яъни янги ой тактикасини қўллашни мақсад қилди.1071 йилнинг 26 август жума куни Апл Арслон ўз қароргоҳидан 7–8 км узоқликда турган душман қўшинини кўрди. Жангнинг олдини олиш мақсадида Алп Арслон душман тарафга тинчлик сулҳи таклиф этиб элчилар юборди. Аммо Роман Диоген буни Алп Арслоннинг қўрқоқлигига йўйди ва таклифни рад этди (Jorge, Nicolae (1908-1913). Osmanlı İmparatorluğu Tarihi, 84s).
Алп Арслон душман қўшини сони кўплигини билар ва жангдан соғ чиқиш эҳтимолини кам деб ҳисобларди, шу куни жангга оқ кийимда совутларсиз чиқди. Бунинг ўзига хос изоҳи бор эди. Ислом-турк одати бўйича оқ кийим кафан маъносини берар эди. Ёнидагиларга эса шаҳид бўлган тақдирда ўлдирилган ерида кўмишларини васият этди. Шу куни ўзи имом бўлиб қўшинга жума намозини ўқиди ва хутба қилди. Ушбу жангда ғолиб бўлишса, ғозий, вафот этишса, шаҳид бўлишларини қўшинларга уқтирди. Барчаси мусулмон турклардан ташкил топган салжуқийлар қўшини жанг учун шай эди.
Византия қўшинида ҳам худди шундай диний маросимлар ўтказилди. Руҳонийлар аскарларни дуо қилди. Диогеннинг жангни ютишга ишончи комил эди ва бунга эришса ўзининг мавқейи ортишидан амин эди. Чунки пойтахтда унинг император бўлишини истамаганлар бор эди.
Жанг турк отлиқларининг камондан ўқ ёғдиришлари билан бошланди. Салжуқийлар қўшининг аксар қисми отлиқлардан иборатлиги ва бу отлиқлар от устида камондан моҳирлик билан ўқ уза олиши натижасида Византия қўшини катта йўқотишларга учради. Аммо бу қўшин сафини буза олмади. Шунда Алп Арслон олддаги отлиқ қўшинга ёлғондан чекинишни буюрди ва қўшин орқасида ҳилол мисол саф тортган гуруҳлар тарафга қараб чекина бошлади.
Туркларнинг шиддат билан чекинаётганини кўрган Роман Диоген уларнинг қочаётганини тушунди ва таъқиб этишни бошлади. Зирҳли кийимлари бўлмаган турклар кучли зирҳли кийинган Византия қўшини қўлига тушмайдиган даражада тез чекинди. Ён томонда пистирмада бўлган турк ўқчилари Византия қўшинига қарата ўқ ёмғири ёғдиришга қарамасдан, улар таъқибни давом эттирди.
Аммо туркларни қўлга туширишнинг имкони бўлмади, қўшин ҳолдан тойди, шунга қарамай Роман Диоген таъқибни давом эттириш ҳақида буйруқ бераверди. Шу онда у қопқонга туширилганини англади, чекиниш йўлининг ҳам турклар томонидан эгалланганини кўрган Диоген нима қилишини билмай қолди. Саросимага тушиб қолган аскарлар эса зирҳларини ташлаб қочишга тушди.
Бундан ташқари, Византия қўшинидаги оғузлар, печенеглар ва қипчоқлар Алп Арслон қўшини тарафга ўтиб кетди. Натижада қўшин бутунлай кучсизланиб қолди. Қочиб кетишга уринган император Роман Диоген қўлга туширилди ва асир олинди. Алп Арслон эса Роман Диоген билан келишувга эришиш эвазига уни қўйиб юборди. Асир олинганда ҳам унга яхши муносабатда бўлган эди. Келишув шартларига кўра, Византия император фидяси учун 1 500 000 денарий миқдорда пул, ҳар йили 360 минг денарий ўлпон тўлаши, Атакя, Урфа, Аҳлат ва Малазгиртни салжуқийларга бериши лозим эди. Орқага қайтган император Роман Диоген Toкaтга етган, у ердан 200 минг денарий тўплаб ўзи билан бирга келаётган турк бўлинмалари билан бирга султон ҳузурига йўллади. Ўзи эса тахт учун курашларда вафот этди.
Шундай қилиб, Малазгиртда оз сонли салжуқийлар қўшини Алп Арслон қўмондонлигида улкан зафарга эришди.
Жанг оқибатлари ва йўқотишлар
Тарихчи Жан Клод Чейнет маълумотларига кўра, Византия қўшинининг йўқотишлари илгари айтилган рақамлардан кўра анча енгил бўлган. Михаил Дукаснинг қўшини жангсиз қочиб кетган. Чап қанотдагилар ҳам унча катта йўқотишга учрамаган. Буни айнан шу қўшиннинг кейинчалик славянлар ва печенеглар устидан ғалаба қозонгани билан изоҳлаш мумкин. Марказ қисмлари эса қуршовдан қочишга муваффақ бўлган. Умумий йўқотишни қўшинлар умумий сонининг 5–10 фоизи миқдорида келтиришади. Турклар тарафидан қанча миқдорда аскарлар йўқотилгани борасида аниқ маълумотлар мавжуд эмас.Мазкур жангдаги ғалаба туркларга Онадўли эшикларини очиб берди. Алп Арслон ва Роман Диоген ўртасидаги келишув шартлари янги император Михаил Дукас томонидан бажарилмади ва Алп Арслон қўшинига ва минтақадаги турк бейларига Онадўлини фатҳ этиш амрини берди. Бу эса ўз навбатида, Онадўлида бир Салжуқий давлати тузилишига, Онадўлининг исломлашувига, салиб юришларига ва кейинчалик 600 йил ҳукмронлик қилган Усмонли империяси ва ниҳоят бугунги Туркия давлатининг вужудга келишига йўл очиб берди.
Одатда, ушбу жангдаги мағлубият Византия учун ҳарбий жиҳатдан катта йўқотиш деб баҳоланар эди. Аммо ХХ аср тарихчилари бу фикрга қўшилмади ва улар бу мағлубият Византияда ҳарбий эмас, сиёсий инқирозни келтириб чиқарди дея ҳисоблайди. Онадўлининг турклар томонидан эгалланиши ушбу жангга эмас, балки Роман Диогендан олдинги ва унда кейинги императорларнинг сиёсий хатолари туфайли юз берганини таъкидлайди. Юқорида айтганимиздек, тахт учун курашлар Византияни шарқий минтақалардаги вазиятдан чалғитиб қўйган эди.
Нима бўлган тақдирда ҳам Малазгирт жанги туркларга Онадўли, яъни бугунги Туркия эшикларини очган илк жанг эди.
Жаҳонгир Остонов тайёрлади.
Изоҳ (0)