Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани прокуратураси электр токи уриши оқибатида 8 ёшли қизалоқ вафот этгани юзасидан туман электр тармоқлари корхонаси мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, Шайхонтоҳур тумани Оқтепа мавзеси 15-уй олдидаги электр кабели илинган иссиқ сув қувурида электр кучланиши юзага келган. 20 август куни 2012 йилда туғилган қизалоқ ушбу қувурнинг темир устунини ушлаши оқибатида ток уриб, вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан 22 август куни Шайхонтоҳур тумани электр тармоқлари корхонаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Кўп қаватли уй аҳолиси блогер Шухрат Мусаев билан суҳбатда электр таъминоти линияси нотўғри лойиҳалангани борасида бир неча бор ҳокимлик ва туман электр тармоқлари корхонасига мурожаат қилганликларини билдирган. Фуқаролардан бирининг сўзларига кўра, у ёмғирли кунда электр токи кабели осиғлиқ турган дарахтга тегинганида ток урган. Шундан сўнг кабель иссиқ сув қувури томонга отиб юборилган.
Шунингдек, аҳолининг сўзларига кўра, 30 хонадондан иборат икки қаватли уй «умумий ётоқхона» ҳисобланади ва бир неча йилдан буён авария ҳолатида, унда битта санузел ва ошхона мавжуд, бироқ расмийлар бу борада ҳеч қандай чора кўрмай келмоқда.
Маҳалла раиси Хожиакбар Мансуровнинг сўзларига кўра, 15-уй 2018 йилда «снос»га тушгани сабаб таъмирланмай келмоқда. Унинг сўзларига кўра, аҳоли кадастр ҳужжатларини ҳозирда хитойлик инвесторга тақдим этган. Бироқ қурилиш компанияси мутахассислари карантин чекловлари сабаб мамлакатга кела олмаяпти.
Изоҳ (0)