Ўзбекистонда ишсиз ёшлар ҳамда ишсиз ва боқувчисиз хотин-қизларнинг алоҳида рўйхатлари шакллантирилади. Бу ҳақда Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 20 август, пайшанба куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида аҳамият қаратилди. Бош вазир ўринбосарига уларни талаб юқори бўлган касблар ва тадбиркорликка ўқитиш, шу асосда бизнесини йўлга қўйишда молиявий қўллаб-қувватлаш тартибини жорий этиш вазифаси юклатилди.
Бу ишларни тизимли амалга ошириш мақсадида мамлакада жорий этилган «темир дафтар»лар сингари ишсиз ёшлар бўйича алоҳида «ёшлар дафтари», ишсиз ва боқувчисиз хотин-қизлар бўйича алоҳида «аёллар дафтари» асосида рўйхатлар шакллантирилиб, ҳар бири билан янги тизим, янгича тартибда манзилли ишлаш муҳимлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳудудларида камбағалликни қисқартириш мақсадида эҳтиёжманд оилалар «темир дафтар»ларга киритилган. Бу ҳақда биринчи марта Шавкат Мирзиёев 3 июнь куни камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида гапирганди.
Мавзуга доир: «Темир дафтар» ўзи нима? Унга киритилган оилалар рўйхатдан қандай чиқарилади? Вазирлик вакили изоҳи
Изоҳ (0)