Мали президенти Иброҳим Бубакар Кейта 19 августга ўтар кечаси истеъфога чиқди ҳамда мамлакат ҳукумати ва парламентини тарқатиб юборди, дея хабар бермоқда Meduza. Бу қуролланган ҳарбийлар президентни бош вазир Бубу Сиссе ва бошқа юқори мартабали амалдорлар билан бирга қўлга олганидан сўнг юз берди. Мали президенти ORTM телеканали орқали қисқа мурожаат билан чиқиш қилди (мурожаат вақтида титрда «кетаётган президент» деган ёзув кўрсатилган). Кейта истеъфо ҳақидаги қарор — унинг президентлик ваколатлари якунига етишига ҳали уч йил бўлса-да — ҳозирданоқ кучга кирганини маълум қилди. «Мен ҳокимият тепасида қолишим учунгина қон тўкилишини истамайман», — деди Кейта.
Mali's President Keita resigns after military mutiny https://t.co/OTBWdTUkqd pic.twitter.com/x5RDAkT5sA
— Reuters (@Reuters) August 19, 2020
Ҳарбийлар исёни 18 август куни пойтахт Бамако яқинида жойлашган Кати базасида бошланган эди. Исёнчилар ҳарбий омборда сақланаётган қуролларни эгаллаган, офицерларни қўлга олган, шундан сўнг Бамакога бориб, президент қароргоҳини қамалга олган. Шундан сўнг аскарлар — бутун шаҳарни назорат қилаётганликларини намойиш этиш мақсадида — Бамако кўчалари бўйлаб эркин ҳаракатлана бошлаган. ORTM телеканали маълум муддат эфирни тўхтатган, сўнг аввалдан ёзиб олинган дастурларни намойиш эта бошлаган.
Аскарларнинг ҳаракатлари июндан бери президент истеъфосини талаб қилаётган ҳукуматга қарши норозилик намойишлари иштирокчилари томонидан олқишланган — намойишчиларнинг фикрича, президент Кейта коррупция муаммосини ҳал қила олмаган ва мамлакат хавфсизлигини таъминлай олмаган. Исённи қўллаб-қувватлаган M5-RFP мухолифат коалицияси «бу ҳарбий тўнтариш эмас, балки халқ қўзғолони» эканини маълум қилган. Норозилик намойиши иштирокчилари Мали Адлия вазирлигига тегишли бинони ёқиб юборган.
#Mali #Bamako Protesters gathered at the provisional negotiators HQ where after President IBK and his government were arrested. According to Sec.sources he accepted the terms and resign after his and family security was granted by military officials. pic.twitter.com/DFFEtMMSz7
— Gabrian (@511ZGS) August 18, 2020
Президентнинг истеъфосидан сўнг исён қатнашчилари давлат телевидениеси орқали чиқиш қилган. Улар Халқни қутқариш миллий қўмитаси тузилганини эълон қилган. Мали ҳарбий-ҳаво кучлари штаби бошлиғи ўринбосари Исмоил Вагенинг сўзларига кўра, ушбу қўмита «миллат ва тарих олдида масъулиятни ўз елкасига олишга қарор қилган». У «мақбул муддатлар»да Малида сайловлар бўлиб ўтишини билдирган.
БМТ, Франция, АҚШ ва бошқа мамлакатлар Малида президентнинг қўлга олинганини қоралади. БМТ бош котиби Антониу Гуттериш, шунингдек, Африканинг 55 та мамлакатини бирлаштирувчи Африка Иттифоқи Кейта ва қўлга олинган бошқа шахсларни озод этишга чақирди. Ғарбий Африка мамлакатлари иқтисодий ҳамжамияти (ЭКОВАС) Малининг ташкилот бошқарув органларидаги иштирокини тўхтатиб қўйди. Шунингдек, ташкилот Мали билан барча чегараларни ёпишга ҳамда ЭКОВАС аъзо мамлакатлар ва Мали ўртасидаги ҳар қандай молиявий опеарсияларни тўхтатиб қўйишга қарор қилди.
Изоҳ (0)