18 август куни АҚШ Демократик партияси ноябрда ўтадиган президент сайловлари учун ўз номзоди сифатида Жозеф Байденни тасдиқлади. Бу қарор партиянинг Милуокида ўтган қурултойида қабул қилинди, деб хабар беради «РИА Новости».

Фото: AP Photo

Номзодга овоз бериш пандемия сабабли онлайн форматда ўтган. АҚШ штатлари ва денгизорти ҳудудлари делегациялари вакиллари Байден ёки Вермонт штатидан сенатор Берни Сандерс учун овоз беришларини навбат билан эълон қилишган. Сандерс Байденнинг партия ичидаги курашдаги асосий рақиби бўлган, аммо апрелда сайловолди пойгасидан чиқиб кетганди.

Байденга умумий ҳисобда 3550 тадан кўпроқ, Сандерс учун 1150 тадан кўпроқ овоз берилган. Охирги бўлиб Делавер штати вакиллари сўз олган. Байден айнан ушбу штатда ҳаётининг кўп қисмини яшаган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти сайловлари 3 ноябрга белгиланган.

Аввалроқ АҚШнинг собиқ вице-президенти Жо Байден президентлик кампаниясида Демократик партиядан қатнашаётган Калифорния сенатори Камола Ҳаррисни вице-президентликка номзод сифатида кўрсатган эди.