1896 йил 17 август куни олтин изловчилар Жорж Кармак, Жим Скокум ва Чарли Доусонлар Аляскадаги Клондайк дарёсига оқиб тушадиган Бонанза Крик жилғасида сочилиб ётган олтин ёмбиларини топди. Бу воқеа XIX аср охирида Аляскада тартибсиз равишда оммавий олтин қазиб олишни бошлаб берган – Клондайк олтин васвасининг бошланғич нуқтаси эди. «Дарё» дунёни эгаллаган олтин васвасаси тарихи ҳақида ҳикоя қилади.
Қирқинчи милдаги олтинлар
1867 йилда АҚШ Аляскани Россиядан сотиб олган,орадан етти йил ўтгач, Алясканинг америкалик мустамлакачилар томонидан тизимли равишда эгалланишибошланди. 1874 йилда Жек Маккуэстен ва Алфред МеёларАлясканинг ҳозирги Доусон шаҳри яқинида Форт-Релаянс компанияси учун савдо пункти очди.Компания келажакда топиладиган олтиннинг маълум бир фоизи эвазига кончилар учун мўйналар ва олтин ювиб олишда керак бўладиган асбоб-ускуналарни сотарди. Аввалига бу ерлардан олтин топилмаган, шунга қарамай, савдо компанияси ўз ишини давом эттирган. 1885 йилда эса илк бор Стюарт дарёсида олтин топилган ва бу савдонинг авж олишига хизмат қилган.
Бу кичик шов-шувдан кейин компания мўйна савдо шохобчаларини ёпиб, кончилар учун мўлжалланган асбоб-ускуналар савдосига кўпроқ эътибор қарата бошлади. Стюарт дарёсидаги олтин бир зумда тугаган бўлса ҳам, тез орада олтин изловчилар уни Фортимайл дарёсидан ҳам топди.
Фортимайл дарёси (Қирқинчи мил) Форт-Релаянсдан қирқ мил узоқликда жойлашгани учун ҳам ушбу номни олган. Фортимайл дарёси Юкон дарёсига қуйилади. Бу ерда олтин конларининг топилиши 1887 йилнинг қишида Юкон дарёси қирғоқларида биринчи шаҳар – Форти Майлнинг пайдо бўлишига олиб келди.
1895 йилда Фортимайл ва Сикстимайл соҳилларида 400 минг долларлик олтин қазиб олинди. Бу вақтга келиб Форт Майлда мингга яқин кончилар яшар эди. Ажабланарлиси шундаки, шаҳарчада салун ва дўконлардан ташқари кутубхона ва Шекспир клуби, Сан-Франциско труппаси ишлайдиган опера уйи ва ҳатто тамаки фабрикаси ҳам мавжуд эди. Канаданинг олтин қазиб олиш жойларини рўйхатга олиш идораси ҳам айнан шу аҳоли пунктида жойлашганди.
Олтин васвасасининг илк белгилари
Аммо тез орада Форти Майлга рақиб топилди. Аляскадаги Бирч-Крик округида янги олтин кони аниқланди. Янги топилган олтин изловчилар шаҳри Арктик доирада жойлашганлиги сабабли «Circle City» (доира шаҳар) деб номланган. Кўплаб олтин изловчилар Cyorkl Citi’га кўчиб ўтиш учун Форти Майлни тарк этди. Бироқ минтақада ҳали ҳам ҳақиқий олтин васвасаси бошланмаган эди.Олтин васвасасининг илк учқунлари машҳур олтин изловчи Роберт Хендерсоннинг Юкон дарёсига қуйиладиган Клондайк дарёсига олтин излаб борганидан кейин пайдо бўлди. У Клондайкнинг шимолий қирғоғида бир нечта жилғаларни топди ва уларнинг бирида жуда катта миқдордаги олтинни тўплади. Хендерсон бу жойни «олтин туб» деб атади.
1896 йилнинг ёзида Хендерсон озиқ-овқат ва керакли материаллар ғамлаш учунжанубга сафар қилди. Қайтишда у Жорж Кармак ва унинг рафиқаси – ҳиндуларқабиласидан бўлган Кейт Кармакни, унинг акаси Жим Скокумни ва жияни Чарли Доуссонни учратди. Хендерсон ёрдамчиларга муҳтож бўлгани сабабли, ўзининг янги танишларига Клондайк олтинлари ҳақида айтиб беришга қарор қилди.
Кармакнинг ўзи бу янгиликка унчалик қизиқмади, аммо буолтин изловчи бўлишни истаган Скокумнинг эътиборини тортди. У бошқаларни ҳам олтин излаш учун боришга кўндирди ва охир оқибат Кармак, Скокум ва Доусон август ойида «олтин туб» сари йўлга тушишди.
Eldorado
Аввалига улар ўша ерда олтин ювди, сўнг янада қуйи оқим томон кетишди. Биринчи олтин ёмбини ким топгани ҳозиргача номаълум. Иштирокчиларнинг ҳар бири воқеа аслида қандай бўлганини ўз талқинларида айтиб берган. Аммо бу машҳур олтин парчаси 1896 йил 17 августда топилганлиги аниқ. Унинг вазни бир унсиянинг чорак қисмини ташкил қилиб, баҳоси ўша пайтдаги нархларда 4 доллар туради.Сувга шўнғиб кўрган қидирувчилар оқимнинг тубида катта-катта олтин ёмбиларини топди ва уларни йиғишга шошилди. Орадан кўп ўтмай, улар винчестер милтиғининг ғилофини олтин билан тўлдиришди. Бу оқим эса кейинчалик Eldorado деб номланганлиги ажабланарли эмас.
Олтин изловчилар ёмбилар топилган жойга белги қўйиб, ушбу ҳудудларнирўйхатдан ўтказиш учун Форти Майлга йўл олди. Дастлаб компания офисидагилар Кармакга ишонмади. Бироқ у ҳайратда қолган хизматчиларга олтин билан тўлдирилган қурол ғилофини кўрсатганида дарҳол ишончсизлик йўқолди.
Олтин ҳақидаги миш-мишлар Аляскадаги кончилар жамоаси ичида яшин тезлигида тарқалди ва сентябрь ойига келиб, Клондайк дарёси атрофидаги барча ерлар рўйхатга олинди, бу ерда ҳеч қандай бўш жой қолмади. Кармакнинг ўзи эса бир ойдан кам вақт ичида 1 400 долларлик олтин излаб топган. Агар олтин курси бўйича бугунги нархларга конверсия қиладиган бўлсак, бу 133 000 долларни ташкил этади.
Олтин васвасасининг бошланиши
Бироқ олтин ҳақидаги маълумотлар бутун дунёга тарқалиши учун яна бир йил керак бўлди. 1897 йил июнга келиб,«Экселсиор» ва «Портленд» кемалари Клондайкдан юкларни олиб кетгунига қадар бу ердан олтин экспорт қилинмаган эди.1897 йил 15 июлда «Ekcelsior» кемаси Сан-Францискога ярим миллион долларга тенг олтин билан келиб, омма орасида катта қизиқишуйғотди. Орадан икки кун ўтгач, «Портленд» кемаси Сиэтлга янада кўпроқ олтин олиб келганида, уни ҳам оломон кутиб олди. Газеталар Клондайкнинг ажойиб бойлиги ҳақида хабарлар бериб, қизиқишни кучайтирди.
Канада ҳукумати топшириғига биноан Клондайкнинг олтинга бой ҳудудида геодезик ишлар билан шуғулланган Уильям Огилвининг ҳисоботлари эълон қилинганидан кейин бу ҳақиқий шов-шувга айланди. Унинг сўзларига кўра, 1896–1897 йилларнинг қишининг ўзида бу ерлардан 2,5 миллион долларлик олтин қазиб олинган.Олтин васвасаси бошланди.
Клондайкга борган кўплаб олтин изловчилар америкаликлар бўлиб, уларнинг катта қисми1890 йиллардаги молиявий инқироздан азият чеккан инсонлар эди. Жамиятнинг турли қатламларига мансуб бўлган ва ишидан айрилган одамлар олтин конларига йўл олди. Ўша пайтлар Клондайкда собиқ ўқитувчилар, шифокорлар, ўт ўчирувчилар, банкирлар ва ҳатто давлат хизматчиларини ҳам учратиш мумкин эди.
Бундан ташқари, молиявий муаммоларга дуч келмаган бўлса-да, олтин излаш саргузаштларини хоҳлаган, олтин васвасасига учраган турли-туман америкаликлар, британияликлар ва австралияликлар ҳам Клондайкга этиб келди. Ҳатто афсоналарга кўра, Клондайкда ўз оиласи ва болаларини ташлаб, олтин қазиб олиш учун келган бир нечта шаҳарларнинг ҳокимларини ҳам учратиш мумкин эди.
Қизиғи шундаки, Клондайкга келган одамларнинг ярми олтин топиш ғоясидан воз кечган ва ўзларини хавф остига қўймасликка қарор қилган. Аммо охир-оқибат минтақага келган кўплаб малакали олтин қидирувчилар туфайли ғарбий Канада, Аляска, АҚШ ва Канаданинг Тинч океанига туташ шимоли-ғарбий ҳудудларида фаол иқтисодий ривожланиш бошланди.
Хулоса
Олтин қидирувчиларнинг кескин оқими туфайли Клондайк тез орада озиқ-овқат етишмовчилигига дуч келди. Олтин энг арзон товарга айланди – ҳаттоки туз ва олтиннинг нархи тенг бўлиб қолди.Бу ҳудудда оммавий олтин қазиб олиш 1906 йилга келиб тўхтаб қолди, айнан шу йилдан бошлаб минтақада олтин қазиб олишни катта компаниялар ўз қўлига олди. Улар қимматбаҳо асбоб ускуналар ишлатарди ва бу ерда энди оддий асбоблар билан олтин топиш амримаҳол эди.
Олтин васвасаси туфайли бу ерларда қанчадан қанча инсонлар ўз соғлиғи ва ҳатто умридан айрилди, катта пул бор ерга эса табиийки криминал элементлар ҳам кириб кела бошлади. «Аслида, биз олтинга биз эгалик қиламизми ёки олтин бизни эгаллайдими, буни тушуниш қийин», дейишган эди 1700 йилларда Бразилияда бўлиб ўтган олтин васвасаси даврида. Аммо бу энди умуман бошқа ҳикоя...
Нурбек Алимов тайёрлади.
Изоҳ (0)