Россиянинг Уфа шаҳридаги ибодатхонада ўғрилик содир этган 23 ёшли ўзбекистонлик судга берилди. Бу ҳақда Бошқирдистон прокуратураси матбуот хизматига таяниб «АИФ» хабар берди.
Қайд этилишича, ўғрилик 2020 йилнинг январь ойида содир этилган. Ўзбекистонлик йигит Авлиё Симеон Верхотурский черковида иконанинг заргарлик буюмлари эҳсон қилинадиган қутисини синдириб, олиб қочган. Уни черков хизматчиси кўриб қолиб, тутишга ҳаракат қилган, аммо бунинг уддасидан чиқа олмаган.
Йигит қочаётганида ўғриланган буюмларнинг бир қисмини тушириб қолдирган ва машинасига ўтириб воқеа жойидан яширинган. Ўғирланган буюмларни Татаристонда сотган ва ўша ерда қўлга олинган.
Ҳодиса оқибатида черковга келтирилган зарар миқдори 40 минг рубль (тахминан, 550 доллар)га баҳоланмоқда. Айни пайтда ўзбекистонлик йигитга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ишни кўриб чиқиш Уфадаги Совет туман судига юборилган.
Изоҳ (0)