Нью-Йоркдан Uzbekistan Airways авиакомпанияси самолётида навбатдаги чартер рейс билан 233 нафар йўловчи Тошкентга олиб келинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консулхонасига таяниб, «Халқ сўзи Online» хабар берди.

Фото: «Дунё» агентлиги

Маълумотларга кўра, махсус рейс Республика махсус комиссиясининг чартер рейсларни ташкил этиш жадвалига мувофиқ 13 август куни маҳаллий вақт билан 13:00 да (Тошкент вақти билан 22:00) Жон Кеннеди халқаро аэропортидан амалга оширган. Самолёт бугун куннинг биринчи ярмида Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига қўнган.

Самолёт бортида АҚШ ва Канадада вақтинча ва доимий яшаётган 214 нафар Ўзбекистон фуқароси (шундан 10 нафари ёш болалар), АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасини 14 нафар дипломати ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, Тошкент шаҳридаги халқаро мактабларга ишлаш учун таклиф этилган 5 нафар ўқитувчи бор.

Барча йўловчилар авиачипталарни сотиб олиш ва рўйхатдан ўтказиш пайтида улар талабига биноан махсус ажратилган жойлар ва меҳмонхоналарда 10 кунлик карантинда қолиш қоидаларига риоя қилишлари зарурлиги тўғрисида огоҳлантирилган.

«АҚШдаги дипломатларимизга кўра, июнь—август ойларида Америка қитъасидан 1 минг 414 нафар Ўзбекистон фуқароси, шунингдек, 45 нафар чет давлат фуқароси мамлакатга олиб келинган», — дейилади хабарда.

Мазкур чартер рейс учун йўловчилар рўйхатини шакллантириш июнь ойида бошланган. Шундан буён Ўзбекистонга қайтишга кўмаклашишни сўраб 853 нафар ватандош мурожаат қилган. Лекин рўйхатга олинганлардан 564 нафари Ўзбекистонга келиш фикридан қайтган. Улар Тошкент–Нью-Йорк–Тошкент йўналишидаги мунтазам парвозлар тикланишини ҳамда коронавирус билан боғлиқ вазият юмшашини кутишга қарор қилган.

13 август ҳолатига кўра, Ўзбекистонга қайтиш мақсадида ташкил қилинадиган навбатдаги рейс учун рўйхатдан ўтган фуқаролар сони 75 кишини ташкил этмоқда.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхоналари, Тошкент–Нью-Йорк–Тошкент йўналиши бўйича махсус чартер рейсларни амалга ошириш Республика махсус комиссиясининг олдиндан тасдиқланган қарорига биноан амалга оширилишини, улар жадвали ОАВ ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинишини эслатиб ўтади.

«Шу муносабат билан, Ўзбекистоннинг Вашингтондаги ва Нью-Йоркдаги дипломатик ваколатхоналари келгуси ойларда Тошкентга боришни режалаштирган ватандошлардан элчихона ёки Бош консулхонага мурожаат қилиб, йўловчилар рўйхатида қайд этилишни сўрамоқда. Консуллик идоралари вакилларининг алоқа маълумотлари дипломатик ваколатхоналар веб-сайтларида мавжуд», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукуматининг қарори билан 16 мартдан бошлаб барча халқаро рейслар, шу жумладан, Тошкент—Нью-Йорк—Тошкент йўналишида мунтазам йўловчи қатновлари тўхтатилган эди. 1 август куни Махсус комиссияси қарори билан Америка ва Канададан бир гуруҳ ватандошлар махсус рейс билан Тошкентга олиб келинган. Таъкидланишича, сўнгги уч ой ичида коронавирус пандемияси туфайли қийин аҳволда қолган барча ўзбекистонликлар АҚШ ва Канададан эвакуация қилинган.