Бекобод туманидаги Зафар шаҳарчасидан йўналишларга қатнаётган 15 та автомобиль ҳайдовчилари ўзбошимчалик билан нарх белгилаганликлари учун уларнинг автомашиналари жарима майдончасига қўйилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги Транспорт бошқармаси хабар қилди.
Маълум қилинишича, йўналишсиз такси эгалари карантин даврида нархларни бирмунча ошириб юборганлиги сабаб Тошкент вилояти ҳокимлигига мурожаат йўлланган.
Тошкент вилояти Транспорт бошқармаси хабарига кўра, ушбу масалани ҳал этиш учун вилоят Транспорт бошқармаси инспекторлари томонидан қайд этилган ҳудудда икки кун давомида рейд тадбирлари ташкил этилган. Натижада бир қатор қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган.
Хусусан, Бекобод туманидаги Зафар шаҳарчаси ҳудудидан йўналишларга қатнаётган 4 та Nexia, 4 та Matiz, 4 та Spark ҳамда 3 та Damas русумли автомобиль ҳайдовчилари ўзбошимчалик билан сунъий равишда нарх белгилаганликлари учун уларнинг автомашиналари жарима майдончасига қўйилган. Шунингдек, Далварзин бўлимига қатновчи 5 та Damas русумли автомобиль ҳаракатига ҳам чек қўйилган.
«Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ўтказилаётган рейдлар давомида такси ҳайдовчиларига пандемия даврида аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган ҳолатларга чек қўйиш, вазиятни тўғри таҳлил қилиб иш юритиш масалаларида бошқарма ходимлари томонидан тушунтириш ишлари олиб бориляпти», – дейилади бошқарма хабарида.
Изоҳ (0)