Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан 8 августда «Чорвоқ» сув омбори ҳавзасининг санитария муҳофазасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси regulation.gov.uz порталига жойлаштирилган.

Фото: «Фергана»

Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида жойлашган Чорвоқ сув омбори (Чорвоқ) пойтахт аҳолиси орасида энг оммавийлашган дам олиш масканларидан бири. Аммо узоқ йиллар давомида маҳаллий пляжлардаги шароитлар ҳамда дам олувчиларнинг хавфсизлиги масаласи танқид қилинган.

Ҳужжатда қайд этилишича Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолисини экологик жиҳатдан тоза ва сифатли ичимлик суви билан таъминлашда стратегик аҳамиятга эга, сўнгги йилларда сув омборида тўпланаётган сувнинг санитария-гигиеник ҳолати маиший ва кимёвий чиқиндилар ташланиши сабабли тобора ёмонлашиб бормоқда сув омбори стратегик аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, «Чорвоқ» сув омбори жойлашган ҳудуд рельефининг мураккаблиги, сувнинг 220 метрдан чуқурлиги ҳамда сувда сузувчи транспорт воситаларидан фойдаланиш, аксарият ҳолатларда аҳоли томонидан чўмилиш қоидаларига риоя этилмаслиги чўкиш билан боғлиқ нохуш ҳолатларга олиб келаётгани ҳам Вазирлар Маҳакасининг қарорида баён қилинган. 2017 йилда иккита скутер тўқнашуви оқибатида икки нафар, 2015 йилдан 2020 йил июлигача 8 нафар одамнинг чўкиб кетгани ҳам эслатиб ўтилган.

Қарор лойиҳасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг «Чорвоқ» сув омборида моторли қайиқлар, катерлар, яхталар, гидротцикл ва бошқа сузувчи воситалардан фойдаланилиш ва аҳолининг чўмилишини тақиқлаш бўйича таклифлари инобатга олиб, 2020 йил 1 августдан бошлаб Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган «Чорвоқ» сув омборида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган моторли қайиқлар, катерлар, яхталар, гидротцикл ва бошқа сузувчи воситалардан фойдаланиш ҳамда пляжлар ташкил этиш ва сув омборининг қирғоғи периметри бўйлаб аҳолининг чўмилиши қатъиян тақиқлаш таклиф қилинмоқда.

«Чорвоқ» сув омборида махсус вазифаларни бажариш ваколатига эга бўлган вазирлик ва идораларга ўз моторли қайиқларидан фойдаланишга рухсат этилиши мумкин.

Ҳужжат лойиҳасининг муҳокамаси 23 августга қадар давом этади.

Қарор лойиҳаси остида фойдаланувчилар қолдирган изоҳларда бошқа хориж мамлакатларидаги океан ва денгизларда йилига ФВВ ҳужжатда келтириб ўтганидан кўпроқ одамлар ҳалок бўлиши, лекин у ерларда пляжлар ёпилмаслиги қайд этилган. Яна бир фуқаро пляжларда одамлар хавфсизлигини таъминлашга катта сарф-харажат кетмаслиги ва бунинг учун сув омборини ёпиб қўйишни тўғри қарор деб ҳисобламаслигини билдирган. Бошқа бир фойдаланувчи эса ФВВ туризмни ривожлантираман деб халқни дам олиш ҳуқуқини поймол қилаётгани ҳақида ёзган.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг пандемиядан кейин туризмни тиклашга қаратилган қарорида Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омборида скутерлар ва моторли қайиқлардан фойдаланиш тақиқлаб қўйилган.

Тақиқ моторли бўлмаган қайиқларга, муқобил энергия манбалари орқали ҳаракатланувчи сув транспортига, махсус моторли қайиқларга, вазирликлар ва идораларнинг ваколатли сув транспортларига тааллуқли эмас.

Бундан ташқари, Чирчиқ дарёси ва унинг ирмоқлари бўйида сузиш, автоуловларни ювиш ва маиший чиқиндиларни ташлаш тақиқланади. Фақатгина махсус ажратилган жойлар бундан мустасно.