Соғлиқни сақлаш вазирлигида COVID-19 инфекциясини аниқлаш ва даволашда қатнашаётган хусусий тиббиёт муассасаларининг вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар қилган.
Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари У. Собиров COVID-19 инфекциясини даволаётган нодавлат тиббиёт муассасаларида ўтказилган мониторинг натижалари тўғрисида маълумот берган.
Вазир ўринбосарининг қайд этишича, Тошкентда жами 14 та хусусий клиника коронавирусга чалинган беморларни қабул қилмоқда. Уларнинг 7 таси даволашни бошлаш учун санитария-эпидемиология қоидалари ва даволаш стандартларига риоя қилиш бўйича Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси билан шартнома имзолаган.
«COVID-19 коронавирус инфекциясини даволаётган хусусий тиббиёт ташкилотларининг аксариятида зарур тиббий асбоб-ускуналар етишмайди, тегишли мутахассислар танқислиги кузатилмоқда. Улар орасида санитария-эпидемиология қоидаларига ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган стандартларга риоя қилмасдан иш юритаётганлари учрамоқда», – дейилади ССВ хабарида.
Тошкент врачлар малакасини ошириш институти Анестезиология ва реаниматология кафедраси ассистенти Алла Россталная хусусий клиникаларда COVID-19 инфекциясидан даволанаётган беморларга юритилган касаллик тарихларини таҳлил қилар экан, уларга керагидан ортиқ дори-дармонлар, тегишли кўрсатма мавжуд бўлмаса-да, икки ва ундан ортиқ антибиотиклар берилганлигини, даволаш стандартларига зид равишда инфузион суюқликлар қуйилганлигини айтган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги мутахассисларнинг хулосаларига кўра, COVID-19 инфекцияси билан касалланишнинг дастлабки босқичида турли инфузион суюқликлар билан даволаш, биттадан ортиқ антиботикни қўллаш касалликнинг тез суратларда оғир шаклига ўтиб кетишга сабаб бўлмоқда. Мониторинг давомида хусусий тиббиёт ташкилотларида айнан шундай хатоликларга йўл қўйилгани қайд этилган.
Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Лицензиялаш ва аккредитациялаш бошқармасига ҳудудий санитария-эпидемиология ташкилотлари билан биргаликда хусусий тиббиёт ташкилотларининг коронавирусга чалинган беморларни даволаш билан боғлиқ фаолиятини мониторинг қилиб бориш, даволаш стандартларини бузган хусусий клиникаларга нисбатан қатъий чоралар кўриш, шу жумладан, уларнинг лицензияларини бекор қилиш бўйича судларга даъво аризаларини киритиш бўйича топшириқлар берилган.
2020 йил 18 июлда Ўзбекистонда 2020 йил 16 июль ҳолатига кўра, коронавирус учун ПЗР усулида лаборатор текширувларни олиб бораётган нодавлат тиббиёт ташкилотлари рўйхати эълон қилинган.
29 июлда Тошкентнинг Юнусобод туманидаги «Олой» бозори автотураргоҳи ҳудудида аҳолидан коронавирусга тест олиш ва инсон саломатлиги ҳамда иммунитетини текшириш бўйича тиббиёт пунктлари ташкил қилингани ҳақида хабар берилган.