Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида йўналишсиз таксилар, сартарошхона ва гўзаллик салонлари фаолиятига маълум талаблар асосида рухсат берилди. Зарафшон ҳокимлиги ахборотига кўра, бу ҳақда шаҳар мувофиқлаштирувчи штабининг 5 августдаги йиғилишида қарор қабул қилинган.
Белгиланган талабларга кўра, таксилар йўловчи ташиш учун автотранспорт салонида ҳайдовчи ўриндиғи йўловчилар ўриндиғидан шаффоф пластик ёки плёнка билан тўсилган бўлиши, ҳайдовчи ва йўловчи тиббий ниқобда бўлиши (тиббий ниқобсиз йўловчини ташиш тақиқланади), йўловчилар автотранспорт салони орқа ўриндиғига ўтказилиши ҳамда фақат шаҳар ҳудудида ҳаракатланиши лозим.
Сартарошхона ва гўзаллик салонлари — хизмат кўрсатувчи шахслар томонидан шахсий ҳимоя воситалари — тиббий халат ёки комбинезон, тиббий ниқоб (N95 ёки устма-уст иккита оддий ниқоб), юзни тўлиқ тўсадиган ҳимоя маскаси ва тиббий қўлқопдан фойдаланган ҳолда «бир хизмат кўрсатувчи шахс — бир мижоз» тамойили асосида, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда ишлаши керак.
Ўзбекистонда 15 августга қадар кучайтирилган карантин тартиби амал қилмоқда, жумладан, ушбу тартиб доирасида 8—9 август (шанба ва якшанба) кунлари стикерсиз транспорт воситаларининг ҳаракати кун давомида тақиқланган, аҳолига кўчага чиқмай, уйда ўзини ўзи изоляция қилиш тавсия қилинган.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда, эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, карантин чоралари босқичма-босқич юмшатиб борилмоқда. Хусусан, аввалроқ Қарши шаҳрида сартарошхона ва гўзаллик салонлари фаолиятига рухсат берилган эди. Кейинроқ Фарғона ва Андижонда ҳам бозорлар, гўзаллик салонлари ва сартарошхоналарга рухсат берилгани маълум бўлди.
Мавзуга доир:
- Қарши шаҳри барча автомобиллар учун очилди. 3 августдан бошлаб шаҳарга белгиланган вақтда кириб-чиқиш мумкин бўлади
- Китоб туманида буюм бозори ва ошхоналар фаолиятига рухсат берилди
- Фарғонада буюм бозорлари, хусусий боғчалар, гўзаллик салонлари ва сартарошхоналар ўз фаолиятини бошлади
- Андижонда 6 августдан бошлаб ошхона, буюм бозорлари ва меҳмонхоналар ўз фаолиятини қайта бошлайди
Изоҳ (0)