Безгакка қарши дори воситаси — «Гидроксихлорохин»нинг коронавирусни даволашдаги фойдалилиги йирик тадқиқотлар билан тасдиқланмаган. Бу ҳақда ЖССТ вакили Майкл Райанга таяниб, «Известия» хабар берди.

Фото: «Inosmi.ru»

Райаннинг таъкидлашича, кичик тадқиқотларда «Гидроксихлорохин»ни қўллашда муайян ижобий самара кузатилган бўлса-да, бироқ барча йирик тадқиқотлар ушбу дори воситаси қўлланишидан ижобий натижа кўрсатмаган.

ЖССТ вакилининг сўзларига кўра, «Гидроксихлорохин» «коронавирусга чалинган беморлар ҳолатини яхшиламагани» ҳақида илмий тасдиғини топган кўплаб тиббий исботлар бор.

Ушбу воситанинг коронавирусга қарши самарасиз эканини АҚШнинг бош инфекционисти Энтони Фаучи ҳам тасдиқлаган. Шунингдек, АҚШнинг соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлиги «Гидроксихлорохин»нинг коронавирусни даволашдаги хавфидан огоҳлантирган.

«Гидроксихлорохин» безгакка қарши дори воситаси бўлиб, ундан баъзи давлатларда коронавирусни даволашда фойдаланилган. Июнь ойида ЖССТ ушбу воситани коронавирусни даволашда дори сифатида қўллашни тўхтатишга қарор қилганди.

Аввалроқ Ўзбекистонда «Плаквенил»ни («Гидроксихлорохин») даволаш протоколлардан чиқариб ташлаш ҳақида гапирган «Тез ёрдам» кўрсатуви экспертига таҳдид қилингани тўғрисида хабар берилганди. Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори, Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулло Оқилов «Плаквенил» дори воситасининг ҳамон қўлланилаётганига изоҳ бериб, 12 мингга яқин коронавирусга чалинган беморлар айни шу дори воситаси ёрдамида тузатилганини таъкидлаган.