Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Самарқанд вилоятида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 3 миллиард 200 миллион сўмга COVID-19 инфекциясига қарши даволанишда ишлатиладиган дори воситалари харид қилинган. Ҳозирда коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун 65 турдаги икки ойлик дори захиралари мавжуд.

«COVID-19 касаллиги аниқланиб, уйда ёки шифохонада даволанаётган фуқароларга давлат томонидан, яъни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан бепул дори-дармонлар етказиб берилади. Агарда ўша дориларни ҳам сотишга уринган шахслар бўлса, бундай шахслар орамизда бўлиши мумкин эмас, — деди вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов. — Ҳозирда коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун 65 турдаги икки ойлик дори захирамиз мавжуд. Дори сотиб олиш учун яна маблағ берганмиз. Бу масала бўйича ҳеч қандай муаммо бўлиши мумкин эмас».

Вилоят ҳокимининг маълум қилишича, коронавирус пандемияси бошлангандан буён қарийб 110 минг нафар фуқародан тест олинган. Бугунги кунга келиб вилоятда ҳар куни 1800-2000 та тест синови ўтказилмоқда. Айни пайтда 15 мингдан ортиқ тест захираси мавжуд. Тест захираларига талаб бўладиган бўлса, марказлашган тартибда етказиб бериш имкони бор.

«Кўпчилик корхона раҳбарлари санитария ва эпидемиология осойишталик марказига қўнғироқ қилиб, ходимларидан тест олиб кетишини айтишади. Марҳамат, ўша корхоналар хусусий клиникаларга мурожаат қилиб, улар билан шартнома тузиб, ходимларини кўрикдан ўтказсин, — деди Эркинжон Турдимов. — Нима учун банк ёки бирор фирмага бориб, уларни текин тестдан ўтказиб беришимиз керак? Хусусий корхоналарда пуллик тест синовлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда битта тест синови 240 минг сўм туради. Тест топшириб, ўзини хотиржам қилмоқчи бўлса, марҳамат шартнома тузиб, хусусий клиникалар орқали анализ топшириши мумкин. Тест натижаси аслида олти соатда чиқиши керак. Аммо бизда талаб кучайиб кетганлиги учун бир ярим суткалаб жавобларни кутишга мажбур бўляпмиз».

Эркинжон Турдимов вилоятда аҳвол қониқарсиз эканлигини таъкидлар экан, нафақат фуқаролар, балки тизим ҳам шошиб қолганлигини билдирди.

«Вилоят бўйича аҳволни баҳолайдиган бўлсак, аҳвол қониқарсиз дейишга барча асосларимиз бор. Бугун ҳаммамиз бир бўладиган, якдиллик билан ҳаракат қиладиган вақт келди. Агар биргаликда курашмасак, коронавирус пандемияси кўп одамни сарсон қилади. Нима учун сарсон қилади, деяпман. Чунки қурбонлар кўпайиши мумкин. Шунинг учун ҳам бирлашишимиз керак. Бугун кўпчилик шошиб қолди. Нафақат фуқаролар, балки тизим ҳам шошиб қолди, десак ҳақиқатни айтган бўламиз. Ҳаммамиз ҳамжиҳатликда ҳаракат қилсак, бу балодан тез қутуламиз. Жуда кам талафот кўриб қутулишимиз керак. Одамларимиз нобуд бўлмаслиги керак. Фуқароларимиз бунинг асоратидан қийналмаслиги керак. Энг биринчи вазифамиз шундан иборат», — деди Эркинжон Турдимов.

Изоҳ
Асосий янгиликлар