ПСЖ клуби ва Франция терма жамоаси собиқ бош мураббийи Лоран Блан «Барселона» бошқарувига тайинланиши мумкин. Бу ҳақда L’Equipe’га асосланиб Diario Sport хабар қилмоқда.
Манбага кўра, «Барселона» раҳбарияти мутахассисга Кике Сетьеннинг ўринбосари сифатида қарамоқда. Таъкидланишича, Блан «Барселона»да ишлашни хоҳламоқда.
«Барселона» спорт директори Эрик Абидал ва унинг ёрдамчиси Рамон Планес Блан вариантини маъқулламоқда. Раҳбариятга мутахассиснинг тўпни эгаллаб туришга қаратилган ўйин услубида ишлаши маъқул келмоқда. «Барселона» мазкур услуб клубнинг ғояларига тўлиқ мос тушади деган фикрда.
54 ёшли мутахассис 2016 йилдан буён ишсиз юрибди. Бу эса Бланнинг молиявий талабларига ҳам таъсир қилиши мумкин. Мутахассис ишга эга бўлиш учун катта бўлмаган маошга ҳам рози бўлиши мумкин.
Франция нашрининг 22 июль кунги муқоваси мана шу мавзуга бағишланди.
Эслатиб ўтамиз, Блан учун «Барселона» бегона эмас. У 1996 ва 1997 йилларда каталон клуби сафида ҳаракат қилган.
Аввалроқ португалиялик футбол агенти Жорже Мендеш «Барселона»га Блан вариантини таклиф қилгани хабар қилинганди.
Мураббийлик фаолиятини «Бордо»да бошлаган мутахассис 2008/09 йилги мавсумда клубни Франция чемпионига айлантирган. Кейинчалик ПСЖ билан уч марта Лига 1 бош соврини, уч мартадан Франция Лига Кубоги ва Суперкубоги ҳамда икки бор мамлакат Кубоги совринларига эга чиққан. Шунингдек, у 2010—2012 йилларда Франция терма жамоасини бошқарган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)