«Бунёдкор» футболчиси Жасур Жалолиддинов фаолиятини Москванинг «Локомотив» клубида давом эттиради.
Тошкент клуби бош директори Улуғбек Мирзаевнинг «Kun.uz»га маълум қилишича, 18 ёшли футболчи бўйича «Локомотив»дан ташқари Туркиянинг «Бешиктош» клуби ҳам расмий таклиф билан чиққан. Аммо футболчининг ўзи Москва клубига ўтишни маъқул кўрган.
«Жасур Жалолиддинов трансфери бўйича Москванинг «Локомотив» клуби билан музокаралар давом этяпти. Футболчимиз ушбу клубга ўтиш эҳтимоли катта. Ҳозирча трансферни расмийлаштириш ишлари охирига етказилгани йўқ. Музокарани сўнгги босқичи давом этяпти.
Расмий таклифни «Локомотив» ҳамда «Бешиктош»дан олдик. Жасурнинг ўзи «Локомотив» клубида тўп суришга қарор қилгани туфайли, унинг истакларини инобатга олган ҳолда ҳозирда Россия клуби билан музокаранинг якуний босқичини олиб бораяпмиз. Барчаси тез орада ҳал бўлади», — дейди Улуғбек Мирзаев.
Клуб раҳбари, шунингдек, Бельгиянинг «Андерлехт» клуби, Молдова етакчи клублари, Испания ва БАА клублари футболчи бўйича оғзаки мурожаат билан чиққанини таъкидлаб ўтган.
Москваликлар Жасур Жалолиддинов учун қарийб 4 миллиард 82 миллион сўм (350 минг евро) тўлайди. Жасур янги клуби билан 5 йиллик битим тузиши кутилмоқда.
Жасур Жалолиддинов — 2002 йил 15 майда Навоийда туғилган. 2018 йил 2 август санасида «Бунёдкор» сафида Суперлига доирасида дебют ўйинини «Қўқон-1912»га қарши ўтказган. У дебют қилган вақтда 16 ёш 80 кунлик эди. Бу орқали у Ўзбекистон чемпионатида майдонга тушган энг ёш футболчига айланганди. 2019 йил октябрида The Guardian талқинига кўра, дунёнинг энг истеъдодли 60 футболчиси рўйхатида қайд этилган. 2019 йил якунларига кўра, Суперлиганинг энг яхши ўйинчиси деб топилган. 2019 йил декабрида Италиянинг «Беневенто» клуби кўригида бўлган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)