Мадриднинг «Реал» клуби Испания чемпионатининг 2019/20 йилги мавсумида муддатидан аввал ғолибликни қўлга киритди.
Ла Лигадаги ушбу чемпионлик мадридликлар ҳимоячилари – Марсело ва Серхио Рамос учун клуб сафидаги 22-соврин бўлди (5 марта Испания чемпионатида, 4 марта Чемпионлар Лигасида, 2 бор Испания кубогида, 4 мартадан Испания Суперкубоги ва клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида, шунингдек, 3 бор Европа Суперкубогида).
Шу тариқа улар ушбу кўрсаткич бўйича 2-ўринга кўтарилиб, «Реал» собиқ ҳимоячиси Маноло Санчисга етиб олди (22 та соврин). Улардан олдинда фақатгина бир футболчи бор. Собиқ ярим ҳимоячи Франциско Хенто турли мусобақаларда 23 марта ғолиб бўлган.
Рамос Ла Лига жорий мавсумида 34 та учрашувда майдонга тушиб, 10 та гол ва 1 та голли узатмага муаллифлик қилган бўлса, Марселонинг ҳисобида 15 та ўйин, 1 та гол ва 4 та ассист бор.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)