Тошкент вилояти Пискент туманида яшовчи 37 ёшли эркак коронавирусга чалиниб, ўткир нафас ва ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Пискент туманида яшовчи 37 ёшли М.М.да 2020 йилнинг 3 июлида ҳансираш, йўтал пайдо бўлган ва уй шароитида даволанишни бошлаган.
Аммо аҳволи оғирлашгач, 9 июлда тез тиббий ёрдам машинасида Зангиота кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.
12 июль куни эса беморда ўпка артерияси тромбоэмболияси белгилари бошланган ва сунъий нафас олдириш аппаратига уланган. Унга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир нафас етишмовчилиги билан кечган.
«Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан онлайн консултация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган», — дейилади вазирлик хабарида.
Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир нафас ва ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этган 61, 62, 63 ва 68-беморларнинг ўлими ҳам айнан ана шу касалхонада қайд этилганди.
Аввалроқ Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов очилганига бир ҳафта бўлган мазкур шифохона беморларга тўлиб бўлганини маълум қилганди.
Изоҳ (0)