Фарғона вилояти Учкўприк туманида маҳаллий фермерлардан бири ўзини-ўзи осиб қўйди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Маълумотларга кўра, 9 июль куни учкўприклик маҳаллий фермер А.О. (1978 йилда туғилган) дала шийпони тўсинига арқондан сиртмоқ ясаб, ўзини-ўзи осиши натижасида вафот этган. Тезкор-тергов гуруҳи томонидан воқеа жойи кўздан кечирилганда (марҳум ўз жонига қасд қилишида фойдаланган) арқон ҳамда Nokia 1110 русумли телефон аппарати ашёвий далил тариқасида олинган.
Ҳодиса жойини кўздан кечиришда иш учун аҳамиятли бўлган бошқа шубҳали ашё ва буюмлар топилмаган.
Қўқон туманлараро суд тиббий экспертиза пунктининг дастлабки хулосасида А.О. ўлимига бўйин аъзоларини ярим қаттиқ жисм билан қисилиб осилиши натижасида юзага келган механик асфиксия сабаб бўлганлиги кўрсатилади.
Ҳозирда ҳолат бўйича туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари давом этмоқда.
«Фермернинг ўлими бўйича ижтимоий тармоқлардан тарқалган турли мазмундаги хабарларга терговга қадар текширув жараёнида аниқлик киритилади ва қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг январь ойида мингбулоқлик фермер қарзи сабаб ўзини ўлдиргани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)