Хитойнинг WeRide стартапи мамлакатда биринчи бўлиб ҳайдовчисиз бошқарилувчи роботлаштирилган такси сервисини ишга туширишни режалаштирмоқда. Ҳукумат ушбу дастурни Гуанчжоуда синовдан ўтказишга рухсат берган, деб ёзади Reuters.
Компаниядагиларнинг таъкидлашича, машинани синовдан ўтказиш бир ҳафтадан буён давом этмоқда ва барчаси режадагидек.
Агарда натижалар стартап, ҳукумат, полиция вакиллари ва албатта, йўловчиларни қониқтиргудек бўлса, лойиҳа кейинги ойдан иш бошлаши мумкин. Маълумотларга кўра, роботакси ҳозирча фақат битта туман ҳудудида ҳаракатланади.
Ҳайдовчисиз автомобилнинг ҳаракатини операторлар кузатиб боради, йўлда бирор нарса содир бўлса, улар транспорт воситасининг бошқарувини ўз қўлларига олади. Вақт ўтиши билан операторлар марказидан ҳам воз кечилади.
«Биз учун шаҳарнинг барча ҳудудларида турли хил йўл-транспорт ҳодисаларини кўриб чиқиш, шунингдек, роботаксининг хатти-ҳаракати ва реакциясини яхшироқ тушуниш жуда муҳим. Барчаси тўлиқ автоматлаштирилгач, биз операторлардан воз кечамиз ва йўллардаги тўлиқ назоратни роботга топширамиз», — дейилади хабарда.
Маълумот учун, WeRide компанияси транспорт воситаларини автоматлаштириш билан анчадан буён шуғулланиб келади. Унинг ҳамкорлари орасида Nissan, Renault ва Mitsubishi каби автомобилсозлик компаниялари мавжуд.
Изоҳ (0)