Дезинфекциялаш учун мўлжалланган туннеллар COVID-19 коронавирус инфекциясидан ҳимоя қила олмайди, аммо улар ротавирус ва бошқа контактли инфекциялардан ҳимоя қила олади, дейди Германиянинг етакчи вирусологларидан бири, Бонн университети Вирусология ва ОИВни тадқиқ қилиш институти директори, профессор Ҳендрик Штрик. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
«SARS-CoV-2 учун асосий уялар бронхлар ва ўпкаларда жойлашган. Шунинг учун ташқи дезинфекциялаш самарасиздир», – дейди Штрик коронавирусга қарши бундай қурилманинг самарадорлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан.
«Аммо бошқа вируслар, масалан, узоқ вақт давомида сақланиб турадиган ротавируслар ва норовируслар учун самаралидир. Дезинфекция, айниқса қўлни яхши дезинфекция қилиш муҳимдир», – дея қўшимча қилди мутахассис.
Аввалроқ Пенза вилояти ҳукумати матбуот хизмати Пенза компанияси томонидан ишлаб чиқарилган дезинфекциялаш учун махсус туннел Россия президентининг Ново-Огарёводаги ишчи қароргоҳида ўрнатилгани ҳақида хабар берган эди.Давлат раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песков дезинфекциялаш учун туннел нафақат у ерда, балки Кремлда ҳам ўрнатилганлигини, COVID-19 билан эпидемиологик вазият сабабли қўшимча чоралар асосли ва тушунарли эканлигини айтди.
Изоҳ (0)