«Барселона» собиқ футболчиси, ҳозирда Қатарнинг «Ас-Садд» клуби бош мураббийи Хави кейинги мавсумдан бошлаб Каталония клубига устозлик қилиши мумкин.
Бу ҳақида Мундо Депортиво журналисти Францэск Агилар ўзининг Twitter’даги саҳифасида хабар берди.
Таъкидланишича, «Барселона»нинг амалдаги бош мураббийи Кике Сетьен мавсум охирида ёки яқин кунларда истеъфога чиқарилади, унинг вазифасини эса «Барселона Б» мураббийи Гарсия Пимента вақтинчалик бажариб туради.
«Барселона» президенти Хосеп Бартомеу Хавини ушбу лавозимга таклиф қилишдан олдин бу масалада футболчилар билан маслаҳатлашган. 40 ёшли Хавига йилига 6 миллион евро маош билан шартнома таклиф қилиниши кутилмоқда.
Аввалроқ «Барселона» футболчилари ва Сетьен ўртасида Ла Лига 32-туридан ўрин олган «Сельта»га қарши кечган ўйиндан (2:2) сўнг можаро келиб чиққанлиги ҳақида хабар берилганди. Футболчилар мураббийнинг баъзи тактик қарорларидан норози бўлган. Бундан ташқари, футболчилар Сетьеннинг ишлаш услубидан ҳам қониқмаётганини билдирган.
«Барселона» 33-турдан кейин 70 очко билан Испания чемпионатининг турнир жадвалида 2-ўринни эгаллаб турибди. Жамоа 1-поғонадаги «Реал»дан 4 очкога орқада.
Изоҳ (0)