Қирғизистон Республикаси президенти девонининг 8 нафар ходими коронавирус инфекцияси аниқланганидан кейин барча ходимлар синовлардан ўтди. Бу ҳақда девон расмий сайтида маълум қилинди.
Таҳлил натижаларига кўра, яна 9 ходим, шу жумладан, девон раҳбари Досали Эсеналиевда ҳам коронавирус инфекцияси мавжудлиги тасдиқланди.
Президент девонининг коронавирусга чалинган ходимларининг умумий сони бугунги кунда 17 кишини ташкил этмоқда.
Уларнинг барчаси уйда изоляция қилинган, тиббий ёрдам олади ва масофадан туриб ишлашни давом эттиради. Касалликнинг бориши ҳамма учун ҳар хил кечмоқда. Аксар беморларнинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.
Аввалроқ, 24 июнь куни Россия пойтахти Москвада бўлиб ўтган Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган ҳарбий парадга ташриф чоғида Қирғизистон делегациясида коронавирус аниқланган эди. Шу сабабли мамлакат президенти Сўронбой Жээнбеков ҳарбий парадда иштирок этмади.
Шундан сўнг президент Жээнбеков 3 кун давомида ўзини изоляция қилиши маълум бўлди.
Изоҳ (0)