Ўзбекистоннинг шимолий туманларига 26 июнь куни Волгабўйи ҳудудидан салқин ва бироз нам ҳаво оқими кира бошлади. Кираётган фронт 26 июнь куни республиканинг шимоли ва чўл зонасидан ўтади. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур ҳаво оқими ҳисобига Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 26 июнь куни ҳаво ҳарорати 30-35 даражагача пасаяди.
27 июнь, шанба куни салқин ва бироз нам ҳаво оқими бутун Ўзбекистон ҳудудига тарқалади. Барча жойларда ҳаво булутли бўлади, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ҳамда Фарғона водийси вилоятларида айрим жойларга қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузги ҳарорат июнь ойининг охири учун қулай бўлган кўрсаткич — 27-32 даражагача пасаяди.
Совуқ фронт ўтиши натижасида 26 ва 27 июнда республикада шамолнинг тезлиги 15-20 метр/секундгача кучайиши, шиддат билан эсганда тезлиги 23-28 метр/секундгача етиши кутилмоқда.
28-июнь, якшанба куни Ўзбекистон ҳудуди қуруқ ва салқин ҳаво оқими таъсирида бўлади. Ёғингарчилик кутилмайди, кучсиз шамол эсади. Фақат тоғолди ва тоғли туманларда айрим жойларга қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Тунда ҳарорат 15-20 даражагача пасаяди, кундузги ҳарорат 27-32 даража иссиқ атрофида сақланиб туради. Бу июнь ойининг сўнгги беш кунлиги учун хос бўлган меъёрий қийматлардан 2-3 даражага паст ҳисобланади.
Изоҳ (0)